Зеленский Россия ҳужумлари ортидан Украинада қанча одам электрсиз қолаётганини очиқлади

Олам 8109
image

Украинада 4,5 миллиондан ортиқ одам электрсиз қолмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский видеомурожаатида айтиб ўтди.

“Бугун кечқурун Киев ва олтита вилоятда электр таъминотидаги барқарорлаштирувчи узилишлар давом этмоқда. 4,5 миллиондан ортиқ истеъмолчи электр энергиясидан маҳрум. Энг кўп ҳозир – Киев ва Киев вилоятида. Бу ҳақиқатан ҳам қийин”, дейди Украина раҳбари.

Зеленский шу ҳафтада энергетика соҳасидаги вазиятнинг эҳтимолий вариантлари бўйича расмийлар ва энергетика компаниялари вакиллари билан бир нечта махсус учрашувлар ўтказишни режалаштираётганини, ҳар бир сценарий батафсил кўриб чиқилаётганини ва жавоб чоралари тайёрланаётганини айтди.

“Террорчилар нимани хоҳламасинлар, нимага интилмасинлар, биз бу қишдан ўтишимиз ва баҳорда ҳозиргидан ҳам кучлироқ бўлишимиз керак. Бутун ҳудудимизни озод қилишга ҳозирдан кўра кўпроқ тайёр бўлиш зарур”, дейди Украина Президенти.

Зеленский, шунингдек, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан музокараларни жуда самарали деб атади. Унда Украинанинг энергетика инфратузилмасини тиклаш учун ёрдам ажратиш ҳам муҳокама қилинган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 241
Рейтинг: 3
t
×