Зеленский Путинниг тириклигига шубҳа қилди
Олам
−
20 Январь 2023
16765Украина президенти Владимир Зеленский Россияда ким билан музокара олиб боришни тушунмаслигини ва Россия Президенти Владимир Путиннинг тирик эканлигига амин эмаслигини айтди. У бу ҳақда Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида бўлиб ўтган “Украина нонуштаси”да видеоалоқа орқали гапирди.
“Бугун мен ким билан ва нима ҳақида гаплашишни аниқ билмайман. Хромакей (яшил фон)да вақти-вақти билан пайдо бўладиган Россия Президенти эканига ишончим комил эмас. У ўзи тирикми, қарор қабул қиляптими ёки кимлар қарор қабул қиляпти? Қандай шахслар? Бу бўйича менда аниқ маълумот йўқ”, дея таъкидлаган Зеленский видеомурожаатда.
У Россия билан ўтказилиши керак бўлган “тинчлик музокаралари”ни аслида ким билан олиб бориши мумкинлигини тушунмаслигини айтиб ўтган.
“Қандай қилиб Европа раҳбарларига битта нарсани ваъда қилиш ва эртаси куни кенг кўламли босқинни бошлаш мумкинлигини тушунмаяпман. Мен ким билан муомала қилаётганимизни аниқ билмайман. “Тинчлик музокаралари”ни мен ким билан ўтказишни тушунмаяпман. Менимча, Россия аввал “кимнидир” топиб, кейин “ниманидир” таклиф қилиши керак”, дея қўшимча қилган Президент.
Россия билан музокаралар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Зеленский президентлиги даврида Украина томони ўз ерларини дипломатия орқали озод қилиш учун ҳамма нарсани қилганини ва доимий равишда музокаралар олиб боришни таклиф этганини таъкидлаган.
“Аммо кимдир истамади, кейин кимнингдир вақти йўқ эди, кимдир ишонмади ва кимдир шарт қўйди”, деди Украина раҳбари.
Кремль Зеленскийнинг сўзларига изоҳ бериб, Россия ва Путин Украина ва унинг раҳбари учун катта муаммо эканини айтган.
“Психологик томондан қарасак, Зеленский Россия ҳам, Путин ҳам йўқ бўлишини афзал кўрарди. Аммо у Россия ҳам, Путин ҳам эртами-кечми Россияга қарши ҳамма нарсадан воз кечишга мажбур бўлишини қанчалик тез билса, Украина каби мамлакат учун шунча яхши бўлади”, деган президент матбуот котиби Дмитрий Песков.
Озода Чориева
LiveБарчаси