Зеленский Парижда. У Макрон ва Меркель билан нималарни муҳокама қилди?

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Парижда Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Германия канцлери Ангела Меркель билан учрашувдан сўнг матбуот анжумани ўтказди. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, томонлар Донбассдаги хавфсизлик ҳолати ва 2020 йил июлидан бери амалда бўлган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳни муҳокама қилган. 

“2021 йил январь ойидан чегара ҳарбий линиясида қийинчиликлар бошланди”, дея таъкидлади Зеленский.

Учрашувда Украина раҳбари Макрон ва Меркелга рус “босқинчилари” томонидан ўт очишни тўхтатиш сулҳи бузилишининг барча ҳолатлари ҳақида батафсил айтиб берган.

Зеленскийнинг таъкидлашича, жорий йилнинг ўзида 30 нафар украиналик аскар чегара ҳарбий линиясида ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти снайперлар томонидан ўлдирилган. Бу борадаги барча далиллар Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)га топширилган.

Ўз навбатида, Макрон ва Меркель Россияни Қрим ва Украина чегарасидан ҳарбий кучларини олиб кетишга чақирган. 

“Макрон билан учрашувда Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиши эҳтимоли ҳам муҳокама қилинди. Саволлар қийин... Украина қудратли ва тиришқоқ давлат, у нафақат саволлар беришни, балки жавоб олишни ҳам хоҳлайди. Аммо ҳаётда ҳамма нарса шунчалик тез содир бўлмайди, шунинг учун учрашув узоққа чўзилиб кетди”, дейди Президент. 

Зеленскийга кўра, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши борасида Франциянинг қўллови сезиларли даражада.

“Франция ва Президент Макрон умуман олганда, Украинанинг НАТОга кириш ҳаракатлар режасини қўлга киритишини қўллаб-қувватламоқда. Биз буни ҳис этяпмиз. Бу қачон содир бўлиши мумкинлигини аниқ эшитишни истардим. Гарчи ушбу муаммони ҳал қилишда Франция катта роль ўйнашига ишонсамда, лекин бу фақат Францияга боғлиқ бўлган масала эмас. Июнь ойида НАТОнинг саммити бўлиб ўтади ва у ерда биз аниқ сигнални эшитамиз”, дейди Зеленский.

Учрашувда Зеленский АҚШ ва Россия Президентлари Жо Байден ва Владимир Путиннинг учрашуви ғоясини ҳам қўллаб-қувватлашини айтган. Унинг сўзларига кўра, бундай учрашув баъзи масалаларни ҳал қилиши мумкин, шунинг учун бу мамлакатлар ўртасида диалог бўлиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг