Зеленский Киссинжернинг Россияга ён бериш чақириғига кескин муносабат билдирди

Олам 10589
image
-

Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ собиқ давлат котиби ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Генри Киссинжерни расмий Киевни Россияга ҳудудларни беришга чақиргани учун танқид қилди. Зеленскийнинг фикрича, собиқ давлат котибининг позицияси Иккинчи жаҳон уруши арафасидаги вазиятни эслатади.

“Масалан, Давосда жаноб Киссинжер чуқур ўтмишдан чиқиб, гўёки Россияга Украинанинг бир бўлагини бериш зарурлигини айтди... Афтидан, жаноб Киссинжер календарида  2022 йил эмас, 1938 йилдек. Ва у Давосда эмас, балки ўша пайтдаги Мюнхенда тингловчилар билан гаплашяпман, деб ўйлади”, дейди Украина Президенти.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия давлати нима қилишидан қатъий назар: Украинага учирилган минглаб рус ракеталари, ўн минглаб ўлик украиналиклар, Буча ва Мариуполга, вайрон қилинган шаҳарларга ёки Россия давлати томонидан қурилган ўлдирадиган, қийноққа соладиган, зўрлайдиган ва таҳқирлайдиган “фильтрлаш лагерлари”га қарамасдан, Россия Федерацияси манфаатларини ҳимоя қиладиганлар топилади.

Маълумот ўрнида, 23 май куни Генри Киссинжер Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида сўзлаган нутқида Ғарб давлатлари Россиянинг Европа учун аҳамиятини ёдда тутиши ва “бир лаҳзалик кайфият”га берилмасликлари кераклигини айтди. Киссинжер, шунингдек, Ғарб Украинани Россиянинг кенг кўламли босқини бошланишидан олдин назорат қилган ҳудудларни сақлаб қолишни ўз ичига олган шартлар асосида тинчлик музокараларига рози бўлишга мажбурлашга чақирди.

“Музокаралар яқин икки ой ичида, уларни енгиб ўтиш осон бўлмаган тўнтаришлар бўлишидан олдин бошланиши керак”, дейди Киссинжер.

Унинг сўзларига кўра, Украинанинг 2022 йилгача Россия Федерацияси томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтариб олишга уринишлари “Украина озодлиги учун кураш эмас, балки Россиянинг ўзига қарши янги уруш” бўлади.

Камронбей Кенжаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 260
Рейтинг: 2.9
t
×