Зеленский Эрдўғандан ёрдам сўради
Олам
−
06 Январь
17536Кеча, 5 январь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған украиналик мавқедоши Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.
Маълум қилинишича, етакчилар глобал ва минтақавий муаммоларни, жумладан, Россия-Украина можаросини муҳокама қилган.
“Яқинда маҳбуслар алмашинуви ҳар икки раҳбар томонидан қайд этилди. Украина Президентининг таъкидлашича, кейинги алмашинувлар, Россия томонидан ноқонуний ушлаб турилган сиёсий маҳбуслар ва қрим-татарларни озод қилиш, ўғирланган болаларни қайтариш айни пайтда ҳам муҳимлигича қолмоқда. Украина етакчиси бу масалада Туркиядан ёрдам сўради. Президентлар, шунингдек, қисқа вақт ичида Туркияда Украинанинг тикланиш форумини ўтказишга келишиб олди”, дейилади Зеленский матбуот хизмати томонидан эълон қилинган баёнотда.
Эрдўған эса суҳбат чоғида Украина ва Фаластин ерларида қон тўкилишини тўхтатиш ва тинчлик ўрнатиш учун катта саъй-ҳаракатлар қилаётганини таъкидлаган.
Шунингдек, у Туркия Украинада тинчликни таъминлаш учун воситачи ролини зиммасига олишга ва тинчлик музокараларини олиб боришга тайёрлигини билдирган. Туркия раҳбари имкон қадар тезроқ ўт очишни тўхтатишга эришиш кераклигини айтган.
Эрдўған ғалла йўлагини қайта тиклаш муҳимлигини ҳам таъкидлаб, шу мақсадда дипломатик алоқаларни давом эттираётганини қўшимча қилган.
Ўз навбатида, Владимир Зеленский Россиянинг “тинч навигацияни бузишга уринишларига қарамай, Украина глобал озиқ-овқат барқарорлигининг кафолати” бўлиб қолаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, муқобил дон йўлаги ишга туширилгач, у орқали 14 миллион тоннадан ортиқ юк ўтказилган.
Зеленский Украина Қора денгиздаги хавфсизлик ҳолатини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёр эканини айтиб ўтган ва Туркия, Болгария ва Руминиянинг миналардан тозалаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган ва уларга қўшилишга тайёр эканини билдирган.
Украина етакчиси Эрдўғанга Тинчлик формуласини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 17 июль куни Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россияга озиқ-овқат ва ўғитларни экспорт қилиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишни назарда тутувчи “Қора денгиз ташаббуси” тугатилганди. Россия томони қашшоқ давлатлар учун ташкил этилган “Дон келишуви” доирасидаги олди-сотди жараёнларининг 81 фоизи юқори ва ўртадан юқори даромадли мамлакатларга тўғри келишини, буларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида амалга оширилаётганини билдирганди. Россия Президенти Владимир Путин “Ғалла битими” бўйича барча шартлар бажарилмагунча, мамлакат ташаббусдаги иштирокини тўхтатиб қўйишини айтди. Ғарб давлатлари Россияни келишувга қайтишга чақирди, ҳатто, Туркия Президенти Сочига бориб Путин билан гаплашиб қайтди. Бироқ бунинг фойдаси бўлмади – “Дон битими” тикланмади.
LiveБарчаси