Ўзбек шифокорлари Германияда энг мураккаб операцияда иштирок этдилар

Жамият

image

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан “Ўзбекистонда замонавий юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан ишлаш учун тиббий ва техник ходимларнинг малакасини ошириш” лойиҳаси доирасида Германияда бўлиб туришибди.

Қайд этиш жоизки, ушбу давлат билан тиббиёт соҳасида қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда OPASCA German Oncology Solutions GmbH томонидан 50 миллион евро қийматидаги энг сўнгги технология ва жиҳозлар билан таъминланган, замонавий клиника бунёд этиш ҳамда Германиянинг нуфузли Мангейм университети клиникаси билан ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишув имзоланди.

Бундан ташқари, германиялик ҳамкорлар билан Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида кўп тармоқли клиника бунёд этиш юзасидан келишув имзоланди. Лойиҳага 100 миллион евро миқдоридаги инвестиция жалб этилади. Кейинчалик вилоятларда ҳам немис технологияси асосида ишлайдиган шундай кўп тармоқли клиникалар очилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси аъзолари Германиянинг Гамбург шаҳридаги Албертиний клиникаси шифокорлари билан ҳамкорликда хирургия, урология, гинекология ва онкология йўналишларида роботлаштирилган технологиялар ёрдамидаги мураккаб амалиётларда фаол иштирок этишди. Бундан ташқари, маҳорат дарсларида қатнашиб, роботлаштирилган технологияларда ишлаш кўникмаларини ҳам ҳосил қилишмоқда.

Шунингдек, тиббиёт соҳасида замонавий ускуна ва технологияларни ишлаб чиқарувчи “Philips”,“Dräger”, “Heinemann”, “Weinmann”, “Fresenius”, “Siemens”каби компаниялардабўлишиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишишди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда қўлланилаётган замонавий технологияларга хизмат кўрсатиш шохобчаларини очиш ва фаолиятини кенгайтириш борасида музокаралар ўтказилмоқда.

Чунончи, “Dräger” компанияси беморларни сунъий нафас олдириш аппаратлари ҳамда бемор ҳолатини мониторинг қилиш мосламалари билан дунёга машҳур. Ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилган тиббий ускуналар Ўзбекистоннинг олис ҳудудларидаги қишлоқ врачлик пунктларида ҳам мавжуд. Шу боис ушбу компаниялар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиб, Ўзбекистонда ўқув хоналарини очиш ва кенгайтириш, мутахассисларимизнинг замонавий технологияларда ишлаш ҳамда сервис хизматларини кўрсатиш кўникмаларини ошириш борасида келишувларга эришилмоқда. Ўз малакасини оширган мутахассислар олис ҳудудлардаги шифокорларнинг ҳам малакасини ошириш юзасидан тренинглар ўтказиши мумкин бўлади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Германия Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг