“Заправка”да ИИБ ходимлари остида қолган фуқарога маъмурий баённома тузилди (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Андижонда ИИБ ходимлари “заправка”га навбатсиз кирмоқчи бўлган эркакнинг қўлига мажбурлаб кишан тақаётгани акс этган видеолар тарқалди. Видеодан кўриш мумкинки, 4 нафар ИИБ ходими фуқарони ётқизиб, мажбурлаб кишан тақишга уринган.
Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ расмий муносабат билдирди.

Унда айтилишича, воқеа юзасидан Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.

“Аниқланишича, 2023 йил 25 январь куни соат 17:30 ларда Избоскан тумани ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори капитан Ж.Жўраев ҳамда Вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психолог ходимлари Избоскан тумани “Урганжи” МФЙ, “Маданият йўли” кўчасида жойлашган “ЭКСКАЛИБУР ОИЛ” номли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида жамоат тартибини сақлаб турган вақтларида, Пахтаобод туманида яшовчи фуқаро О.О бензин ёқилғисини навбатсиз олиш мақсадида кириб бориб, навбатда турганларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган ва фуқаролар ўртасида норозилик келтириб чиқарган. Ушбу вазиятда ИИБ ходимлари томонидан фуқаро О.О билан тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан хизмат олиб бораётган ходимларга қасддан бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатиб, жамоат тартибини бузган”, дейилади расмий муносабатда.

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бу вазиятда ўз ходимларининг хатти-ҳаракатига баҳо берар экан, уларнинг қонуний иш қилганини даъво қилмоқда:

“Мазкур ҳолатда ходимлар Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига асосан ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун жисмоний куч ишлатишган. О.О.га ҳеч қандай тан жароҳати етказилмаган”.

Шунингдек, бошқарма томонидан фуқаро О.О автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига мунтазам равишда навбатсиз кирмоқчи бўлиши, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан бошқа навбатда турганларнинг ҳам ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келаёигани аниқланган. Оқибатда эса фуқарога маъмурий баённома расмийлаштирилган.

“Мазкур ҳолат бўйича фуқаро О.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси, 194-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судига юборилган” дейилади Андижон вилояти ИИБнинг муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ИИБ ходимларига фуқаролар билан ишлашда ортиқча хис-ҳаяжонга берилмасликни айтиб, “дакки” берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг