Запорожье АЭС портласа, НАТО урушга аралашиши айтилди

Олам 14708
image

Россия Украинанинг вақтинча эгалланган Запорожье атом электр станциясига зарба берса, НАТО Украина можаросига бевосита аралашиши мумкин. Бу ҳақда Британия депутати, парламентнинг мудофаа бўйича махсус қўмита раҳбари Тобиас Эллвуд ўзининг Twitter'даги саҳифасида маълум қилди.

“Келинг, ҳозир аниқлаб олайлик. Украинадаги ядро реакторига радиация оқиб чиқишига олиб келадиган ҳар қандай қасддан шикаст етказиш НАТОнинг 5-моддасини бузиш ҳисобланади”, дейди у.

Эллвуднинг фикрларига қўшилган ҳолда АҚШ Вакиллар палатасининг Иллиноис штатидан аъзоси Адам Кинзингер шундай дейди:

“Бу ҳатто муҳокама қилинмайди. Ҳар қандай радиация сизиб чиқиши НАТО мамлакатларидаги одамларни ўлдиради. Бу автоматик равишда бешинчи модда дегани”.

Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддаси кўра, НАТОга аъзо ҳар қандай давлатга қуролли ҳужум бутун альянсга қилинган ҳужумга тенглаштирилади. Бундай вазиятда блок давлатлари бир-бирига зудлик билан ёрдам кўрсатиши керак бўлади, шу жумладан, ҳарбий куч ишлатиш  мажбуриятига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Маълумот учун, Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 512
Рейтинг: 2.8
t
×