Зангиотанинг бир қисми нега Сергелига қўшиб берилаётгани маълум қилинди
Жамият
−
17 Апрель 2019
6370Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ҳудудлари қисман ўзгартирилиши, Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган Ўзгариш қишлоғи Тошкент шаҳри Сергели тумани таркибига ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик. Хўш, бунинг сабаби нима? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депетутати Расул Кушербоев мазкур ҳолатни ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида изоҳлаб берди.
Депутатнинг қайд этишича, Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида “Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Сергели тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, Зангиота туманидан Тошкент шаҳрининг Сергели туманига 428 гектар ер майдони ўтказиб берилмоқда. Тошкент шаҳрига ўтказилаётган ҳудудда 3 та маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган бўлиб, уларда 5824 нафар аҳоли, 893 та хонадон(ҳовли, участка)лар мавжуд. 1 та оилавий поликлиника, 1 та умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим муассасаси жойлашган.
“Маълумки, Тошкент шаҳри Сергели туманида кўп қаватли уйлар қурилаётган ер майдонлари Тошкент вилояти маъмурий чегараси ҳудудида жойлашган бўлиб, ҳужжатларни расмийлаштиришда бир қатор муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шу жумладан, янги қуриб битказилган уйларга кўчиб келаётган шаҳар аҳолисини доимий рўйхатга қўйишда ва квартира ҳужжатларини расмийлаштиришда дуч келинаётган муаммолар аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Ушбу ҳудудларнинг Тошкент шаҳар тасарруфига ўтказилиши Тошкент шаҳри Сергели тумани маъмурий ҳудудида яшайдиган аҳолига қулай шароитлар яратиш, янги қуриб битказилган уйларга кўчиб келаётган шаҳар аҳолисининг доимий рўйхатга қўйиш ва квартира ҳужжатларининг расмийлаштириш, автомобиль йўллардан фойдаланиш, уй-жой комплекслари, ижтимоий ва маданий, маиший мақсаддаги объектлар, муҳандислик коммуникацияларини комплекс қуришни янада ривожлантириш мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бошқарув харажатларини камайтириш имконини беради”, дейди Кушербоев.
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига ҳамда “Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддаcига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси “Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Сергели тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида” қарор қабул қилган.
Шунингдек, Қарор билан Тошкент шаҳрининг Сергели тумани таркибига ўтказилаётган Тошкент вилоятининг Зангиота тумани “23-Ўзгариш” сайлов округидан сайланган халқ депутатлари Зангиота туман Кенгашининг депутати Тошкент шаҳар халқ депутатлари Сергели туман Кенгашининг депутати ҳисобланиниши белгиланиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига юборилган.
Расул Кушербоев сўзларини якунлар экан, куни кеча Сергелида рўй берган воқеалар, хусусан, аҳолининг норозилигига тўхталиб ўтди:
“Кўриб турганингиздек, Сергелидаги масалалар босқичма-босқич ҳал этилмоқда, Тошкент эса табиийки аҳоли эҳтиёжи асосида кенгайиб бормоқда. Буёғи урбанизация энди”.
LiveБарчаси