Зангиотада ўгай она 13 ёшли қизга зўравонлик қилгани аниқланди
3-саҳифа
−
26 Декабрь 2023
7363Тошкент вилояти Зангиота туманида 13 ёшли қизга ўгай онаси томонидан мунтазам равишда жисмоний ва руҳий зўравонлик қилингани аниқланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Унга кўра, Болалар омбудсманига жамоатчилик фаолларидан Зангиота туманидаги 13 ёшли С.Р. (қиз)га нисбатан унинг ўгай онаси томонидан мунтазам равишда жисмоний ва руҳий зўравонлик қилинаётгани юзасидан мурожаат ва видеоматериал келиб тушган.
Ҳолат ички ишлар органлари томонидан ўрганилганда, видеода 2010 йилда туғилган С.Р. га ўгай онаси С.Ш. томонидан зўравонлик қилингани маълум бўлган. Қизнинг отаси ҳам турмуш ўртоғига қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Дастлаб вояга етмаган С.Р. суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказилиб, танасида тан жароҳатлари аниқланмаган.
Қизча билан якка тартибда психолог суҳбати ўтказилди ва ҳозирда болага руҳий зўравонлик етказилганлигини ва унинг даражасини аниқлаш учун экспертиза тайинланган.
Қарамоғида бўлган болага зўравонлик қилганлиги айтилаётган С.Ш нинг руҳий ҳолатига ҳам ҳуқуқий баҳо бериш учун экспертиза тайинланган.
"Мазкур факт бўйича олиб борилаётган терговга қадар текширув Зангиота тумани прокуратураси назоратида", дейилади Болалар омбудсманининг хабарида.
LiveБарчаси