Зангиота шунчаки келиб, тест топшириб кетадиган жой эмас – муассаса “замдиректори” 

Жамият 26009
image

Ҳозирда 4000 ўринга мўлжалланган Зангиота 1 ва 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус ташхиси қўйилган ва касалликка гумонланган 900 нафарга яқин бемор даволанмоқда. 93 нафар бемор эса жонлантириш бўлимида даво муолажаларини оляпти. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. 

“Охирги ҳафтани инобатга олсак, юртимизда касалланишлар сони бироз ортганини кўриш мумкин. Айни пайтда муассасамизга кунига ўртача 70-80 нафар бемор мурожаат қилиб, уларнинг 25-30 нафари госпитализация қилиняпти”, ейди Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов

Унинг сўзларига кўра, касалланишлар сони ошган бўлса-да, бугун шифохонага ётқизилаётган аксарият беморларда ўпка зарарланиши, сатурациянинг пасайиши каби жиддий асоратлар кузатилаётгани йўқ.

“Ўтган йилнинг шу даври билан таққосласак, беморлар сони жуда паст. Айни пайтда муассасамизга мурожаат қилаётган ва госпитализацияга кўрсатма бўлган беморларнинг барчаси шифохонага ётқизилиб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Марказимиз етарли даражада тиббий анжом ва дори воситалари билан таъминланган”, дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимова.

Шунингдек, Ҳилола Алимова беморлардан касаллик аломатларини сезганда коронавирусга тест топшириш учун Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига эмас, аввало, ўз яшаш ҳудудидаги оилавий поликлиника ёки оилавий шифокор пунктига мурожаат қилишни сўраган.

“Шу ўринда беморлардан илтимос қилиб сўрардимки, агар ўзингизда касаллик аломатларини сезсангиз, Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига эмас, аввало, яшаш ҳудудингиздаги оилавий поликлиника ёки оилавий шифокор пунктига ҳамда Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг туман бўлимларига мурожат қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Сабаби шифохонамиз коронавирусга тест топширадиган ёки тана ҳароратини ўлчайдиган муассаса эмас. Балки COVID-19га чалинган ва хасталик оғир ҳамда ўта оғир кечаётган беморлар даволаниши учун мўлжалланган шифо масканидир.

Шундай экан, юртдошларимиздан ўзи ва яқинлари  саломатлигига янада эътиборли бўлиб, касалликка қарши ўз вақтида тўлиқ дозаларда эмланишларини сўраймиз”, дейди директор ўринбосари.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 561
Рейтинг: 3.1
t
×