Зангиота шифохонасига кунига 25 нафар бола ётқизилмоқда
Жамият
−
08 Октябрь 2021
13984Ўзбекистонда болалар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу ҳақда Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов маълум қилди.
Унга кўра, айни кунда Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига кунига ўртача 25 нафар ўғил-қиз ётқизиляпти. Улар асосан кенг тарқалган дельта штамми билан касалланяпти.
Анвар Ҳусановнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда пойтахт ва Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган беморлар фақат Зангиота 1-сон ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида қабул қилиняпти.
“Марказимиз 2 минг ўринга мўлжалланган. Ҳозир бу ерда 1 минг 600 нафар бемор муолажа оляпти. Уларнинг 26 фоизи олтмиш ёшдан ошган фуқаролар бўлса, 160 нафарга яқини болалардан иборат”, дейди Ҳусанов.
Қайд этилишича, жами беморларнинг 77 фоизи ўрта оғир, 20 фоизи оғир, 3 фоизи эса ўта оғир ҳолатда. Айни пайтда 153 нафар бемор жонлантириш бўлимида даволаняпти. Кунига ўрта ҳисобда 100-150 нафар беморни қабул қилиниб, уларни 7-10 кун давомида саломатлигини тиклаш чоралари кўриляпти.
Марказ шифокорларининг қайд этишича, касалланиш кўрсаткичларини бундан ҳам пасайтириш мумкин. Бунинг энг самарали ва оқилона йўли — ўз вақтида эмланиш! Қолаверса, кўча-кўйда, жамоат жойларида фуқароларнинг карантин қоидаларига етарли даражада эътибор қаратмаётгани ҳам эпидемиологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Статистик кўрсаткичлардан ҳам аёнки, оғир ва ўта оғир ҳолатдаги беморларнинг катта қисми кекса ёшдаги инсонлар. Уларда касаллик асоратлари оғир кечиши ва тузалиш муддати узайиб кетиши кузатилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь