“Замонавий ўйинчоқлар” бола учун хавфлими?
Технология
−
06 Ноябрь 2020
62192020 йилги пандемия инсонлар ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Турли хил электрон қурилмалар, хусусан гаджетлар янада яқин ҳамроҳимизга айланди. Aввалари, ўқувчиларга дарс вақти телефон ишлатишга рухсат берилмаган бўлса, эндиликда телефони йўқ ўқувчи дарсларга қатнаша олмай қолди.
Ҳозирги кунда турмуш тарзимизни қўл телефонлари ёки компьютер воситаларисиз тасаввур этиш қийин. Лекин ҳар нарсада меъёр бўлгани яхши. Бугунги замонавий гаджетлар ҳам инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши аллақачон исботини топган.
Гаджет нима?
Гаджет – бу кичик, қўлда олиб юрса бўладиган технологик қурилма. У одатда бир ёки бир неча функцияларни бажаришга мўлжалланган бўлади. Бундай ажойиб қурилмаларнинг яна бир ўзига хос ҳусусияти шуки, уларнинг ҳар бири ўзининг оригинал дизайни ва фойдалилиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Замонавий гаджетлар турли соҳаларда инсонларга ёрдам бериб келмоқда. Спорт, санъат, тиббиёт, таълим кабилар шулар жумласидандир.
Гаджетлар зарарлими?
Узоқ вақт давомида мобил қурилмалардан фойдаланиш мускуллар гипотрофияси, кўзнинг қуриб қолиши ва узоқни кўролмаслик каби бир қанча жиддий муаммоларга сабаб бўлади. Гап шундаки, телефон ёки компьютер экранига узоқ ва давомий тикилиб туриш оқибатида одамлар кўзини одатдагидан беш баробар камроқ пирпиратади. Бу эса кўзнинг олд юқори қисми қуруқлашишига олиб келади. Мутаҳасисларнинг фикрича, гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланиш шапкўрлик муаммосини келтириб чиқаради.
Ҳозирги замонавий касбларнинг асосий қисми офисларда бажарилади ва, албатта, компьютер воситалари ёрдамида. Бунинг нимаси муаммо дейсизми?
Инсон қурилма ишлатиш вақтида нотўғри ҳолатда ўтирса, унинг тана тузилишида муаммолар пайдо бўлади. Бу эса замонамизнинг яна бир оғриқли муаммоларидан гиподинамиянинг ривожланишига олиб келади. Кифоза, сколиоз ва оддий букчайиш ҳам шу муаммолар сирасига киради. Муаммонинг ёш болаларда кучлироқ таъсир қилиши янаям ачинарли. Чунки, ёш ниҳолни қайси тарафга эгиб қўйсанг, ўша тарафга қараб ўсади. Бундан ташқари, гаджетлардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш кишида неврологик кўринишдаги муаммоларни, бўйин ва қўл-оёқларда муаммоларни келтириб чиқаради. Компьютер клавиатурасидан кўп фойдаланиш эса, тирсак бўғинларидаги мускуллар оғриғига сабаб бўлади.
Гаджетларнинг бола саломатлигига таъсири
UNESCO маълумотларига кўра, 3 ёшдан 5 ёшгача бўлган болаларнинг 93 фоизи ҳафтада 28 соат ёки кунига тахминан 4 соат вақтини экран қаршисида ўтказади. Ота-оналар учун фарзандини мультифильм, видео ўйинлар, смартфонлар билан чалғитиш анча қулай. Aммо, бола бу вақтда ташқи дунёдан узилиб қолади. Бу эса унинг руҳий саломатлигига путур етказиши мумкин. Боланинг нутқий ривожланиш даврида гаджетларга қарам бўлиб қолиши оқибатида нутқ фаолиятида нуқсонлар вужудга келади. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда дунё бўйича 4 ёшли болаларнинг 25 фоизида нутқий нуқсонлар кузатилмоқда. Бундан 40 йил аввал бу кўрсаткич тўрт фоизни ташкил қилган.
Боланинг тўлиқ ривожланиши учун ташқи муҳит билан доим алоқада бўлиши керак. Эшитиш, кўриш, фикрлаш, ўрганиш давомида бола ўзини англай боради. Тўғри, гаджетларда бу ишларни бажарса бўлади. Лекин энг муҳим жиҳати – қайта алоқа. Бола оила аъзолари билан қайта алоқага кириш асносидан нутқини ўстиради. Мулоқотни ўрганади.
Ёшлигидан гаджетларга муккасидан кетган инсонларда “концентрация етишмаслиги” деб номланадиган касаллик пайдо бўлади ва руҳий саломатликнинг бузилишига олиб келади.
Концентрация етишмаслиги оқибатида бола диққатини бир жойга жамлай олмайди, бир соҳага доимий қизиқиш йўқолади, фикрлар чалғиши кучаяди.
Доимий равишда экран олдида бўлиш болалар ва ўсмирларнинг жисмоний ҳолатига таъсир этади: кўриш, ҳаракатчанлик, тананинг кучи ва чидамлилиги ёмонлашади.
Гаджетлардан фойдаланиш тартиби борми?
Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Гаджетлар зарарли экан деб болаларни замондан ортда қолдириш ҳам хато. Технологик тараққиётнинг ўзига хос афзалликлари бор, албатта. Мобил қурилмалар болаларга таълим олиш, тил ўрганиш борасида яхшигина “устоз” бўлиши мумкин. Фақат ота-оналар фарзандини мобил қурилмалар билан бирга ўтказаётган вақтини назорат қилса бас. Шифокорлар бу борада ҳам ўз тавсияларини берган:
Уч ёшдан кичик болаларга экран қаршисида ўтириш тавсия қилинмайди. 3-5 ёшдаги болалар учун эса, 15 дақиқа кифоя. Олти ёшли болалар экран олдида 20 дақиқадан кўп туриши уларнинг соғлиғига таъсир қилади. Етти ёшдан саккиз ёшгача бўлган болалар 30 дақиқа, 10-12 ёшда 40 дақиқа, 13-14 ёшли ўспиринлар 50 дақиқадан ортиқ экран қаршисида ўтирмаслиги лозим.
Гаджетларнинг ўзига хос фойдали жиҳатлари ҳам бор, албатта. Узоқ йўлда юрганингизда, кутиш вақтида вақтингизни мазмунли ўтказасиз. Стрессли вазиятларда телефондаги севимли ўйин, мультфильмлар болага яхши кайфият бериш мумкин.
Қолаверса, замонавий гаджетларда бола онгини ўстиришга ёрдам берадиган турли хил ўйинлар, бошқотирмалар жой олган. Улардан самарали фойдаланишда ота-оналар фарзандларига ҳамфикр бўлса, нур устига аъло нур бўларди.
Карим Зaрипов
LiveБарчаси