Захарова Россия қандай шароитда АҚШ таклифини қабул қилишини айтди

Олам

image

Россия ва Америка фуқароларини ўзаро алмашиш бўйича музокараларда аниқ натижага ҳали эришилмади, бунинг учун ҳар икки томон манфаатларини ҳисобга олиш керак. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг баёнотида айтилади.

“Икки давлат ҳудудидаги ҳибсхоналардаги Россия ва Америка фуқароларини ўзаро алмашиш масаласи бир пайтлар икки давлат Президентлари томонидан муҳокама қилинган.

Улар тегишли ваколатли тузилмаларга музокаралар ўтказиш бўйича кўрсатма берган. Улар ҳозирда ўтказилмоқда. Ваколатли идоралар томонидан олиб борилмоқда. Аниқ натижага ҳали эришилгани йўқ. Шу билан бирга, биз музокаралар жараёнида ҳар икки томоннинг манфаатлари ҳисобга олиниши кераклигидан келиб чиқамиз”, дейди ТИВ расмийси.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Москвага Америкада судланган қурол сотувчиси Виктор Бутни Россияда жосусликда айбланган америкалик Пол Уилан ва Химкида гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланаётган баскетболчи Бриттни Грайнер билан алмашишни таклиф қилганди.

2012 йилда АҚШ суди Виктор Бутни АҚШ манфаатларига таҳдид солиши мумкин бўлган колумбиялик жангариларга қурол сотишга уринганликда айблаб, 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Бут барча айбловларни рад этган ва халқаро ҳаво ташиш соҳасида мутлақо қонуний бизнес билан шуғулланганини даъво қилган.

Екатеринбургнинг УГМК клубида ўйнаётган Грейнер иши ҳозир Химки суди томонидан кўриб чиқилмоқда. У Россияга етиб келганида юкидан “гашиш” ёғи топилгани учун қўлга олинган. Судда у АҚШда таътилда бўлганида шифокорнинг рецепти бўйича тиббий марихуана олганини ва шошиб йиғаётганда уни тасодифан багажига солиб қўйганини айтган.

Собиқ денгиз пиёдаси Пол Уилан 2020 йил июнь ойида Москва шаҳар суди томонидан жосусликда айбланиб 16 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У ўз айбига иқрор бўлмаган ва қўлга олинган флеш-дискда унинг Россия бўйлаб аввалги саёҳатлари тасвирлари бўлиши кераклигини айтган. Ҳозир у қамоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

157

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг