Жўжа жинсини аниқловчи, жанозада йиғловчи ва ёлланма йигитлик: ҳақиқатда мавжуд ғалати касблар
Бу қизиқ
−
31 Август 10059 7 дақиқа
Одатий соат 9:00 дан 18:00 гача бўлган ишингиздан зерикяпсизми? Унда қуйидаги рўйхатдан ўзингиз учун саргузаштли ёки қўшимча даромад келтирадиган янги касб танларсиз?! Ҳақиқатан ҳам мавжуд ғалати ушбу касблар билан танишиб, ҳайратда қолишингиз ҳам мумкин. Аммо афсуски, бу касблар дунё бўйлаб бирдек мавжуд эмас, шундай бўлса-да, сизда буни бошлаб бериш имконияти бўлади.
Жўжа жинсини ажратувчи. Ўртача маош – йилига 30 764 доллар

Мазкур касб эгаларининг асосий вазифаси – жўжаларни эркак ва урғочиларига ажратиш. Осондек туюлиши мумкин, лекин аслида жўжа жинсини аниқлаш жуда қийин иш, бунда кузатувчанлик ва нозик тафовутларни фарқлаш қобилияти муҳим. Бу иш сабр, тажриба ва чидамлилик талаб қилади. Етарли тажрибага эга бўлган киши йилига 60 минг долларгача ишлаб топиши мумкин.
Итларга сёрфинг ўргатувчи. Ўртача маош – йилига 20 000 – 35 000 доллар

Агар итлар ва саргузаштни яхши кўрсангиз, ҳар иккисини бирлаштириш орқали мўмайгина даромад ишлаб топиш ҳақида ўйлаганмисиз? Масалан, итларга сёрфинг, яъни сув устида махсус ёғоч билан сузишни ўргатувчи бўлиб ишлашингиз мумкин. Асосий вазифа – итларни сувда сёрфинг қилишга ўргатиш. Иш итларнинг хулқини билиш, тренинг ва хавфсизликни назорат қилишни талаб этади.
Юз пайпасловчи. Ўртача маош – соатига 25 доллар

Юз пайпасловчи ёки тери сезувчилари тери парвариши маҳсулотлари самарадорлигини қўллари билан текширади. Уларнинг асосий вазифаси – маҳсулот қўлланишидан олдин ва кейин терининг ҳолатини баҳолаш. Бироз ўқиш талаб қилинса-да, бу ён даромад учун яхши вариант.
Профессионал келин дугонаси. Ўртача маош – йилига 44 000 доллар

Профессионал келин дугонаси сифатида сизнинг ишингиз барча дугоналик вазифаларини мукаммал бажариш – кийим танлаш, дугоналар кечасини ташкил қилиш, гуллар ясатиш ва ҳоказоларни ўз ичига олади. Мақсад – тўй жараёнининг мукаммал ва муаммосиз ўтишини таъминлаш. Тўй ташкилотчисидан фарқли равишда, сиз одатдаги дугона вазифаларини бажаришингиз керак бўлади.
Ёлланма тўй меҳмони. Ўртача маош – ҳар бир тўй учун 2 500 доллар

Келин дугона ёллагани каби, баъзилар тўйда кўпроқ одамлар кўриниши учун сохта меҳмон ҳам ёллайди. Сиз шунчаки чиройли кийиниб, табассум қилиб қатнашсангиз бас, битта тўйдан 2 500 доллар ишлаб олишингиз мумкин. Айниқса, Японияда бу одатий ҳол бўлиб, одамлар ижтимоий ноқулайликларни олдини олиш учун оилани ижарага олади.
Жанозада йиғловчи. Ўртача маош – ҳар бир дафн учун 28 000 доллар

Профессионал йиғловчи – бу дафн маросимида қатнашиб, марҳум учун қайғу кўрсатадиган киши. У самимий қайғу ифода этиши, йиғлаши ва маросим одатларида иштирок этиши керак. Турли маданиятларни билиш зарур, чунки дафн одатлари ўзгариб туради. Бу қадимий маросим қадимги Миср, Хитой, Ўртаер денгизи ва Яқин Шарқдан бошланган бўлиб, ҳануз давом этмоқда. Шундай хизматларнинг Ўзбекистонда ҳам мавжуд экани ҳақида баъзи маълумотлар бор.
Йўловчиларни итариб поездга чиқарувчи. Ўртача маош – йилига 47 681 доллар

Бу касб эгалари тиғиз пайтда одамларни поездларга итариб, эшиклар ёпилиши ва кечикиш бўлмаслигини таъминлайди. Бу касб Японияда кенг тарқалган бўлиб, “ошия” деб аталади. Куч талаб этиладиган бу иш қўшимча даромад учун яхши вариант.
Қонуний банк қароқчиси. Ўртача маош – йилига 124 010 доллар

Ушбу мутахассис банк хавфсизлигини синаш учун келишилган равишда банкни бузиб киради. У компьютер тизимларига ҳужум қилади, ходимларни алдайди ва хавфсизлик даражасини текширади. Бу касб эгасини ёлланма хакер дейиш ҳам мумкин.
Netflix фильмларига тег қўювчи. Ўртача маош – йилига 60 000-108 000 доллар

Бу ишда сиз фильмлар ва сериалларни кўриб, уларга мос теглар қўясиз. Бу орқали томошабинлар керакли контентни тезроқ топа олади. Аслида бу кино кўриб пул топишдир. Агар фильм томоша қилиш сизнинг севимли машғулотингиз бўлса, бу орқали даромад олиш имкониятингиз ҳам бор.
Навбат кутувчи. Ўртача маош – йилига 38 816 доллар

Кун бўйи ишда бўладиган одамлар учун шифокор ёки бошқа мутахассис эшиги тагида навбат кутиш умуман ортиқча ва вақтни бекорга сарфлайдиган ҳолатдир. Бундай пайтда бошқалар учун навбат кутадиган профессионал навбат кутувчи хизмати асқатади. Ушбу касб эгаларига йирик дўконлар катта чегирма эълон қилган ёки машҳур маҳсулотлар тақдимотида айниқса талаб юқори бўлади. Бу АҚШда энг ноодатий касблардан бири саналиб, сабрли одамлар учун қўшимча даромад топишнинг қизиқарли усули.
Ижарага олинган йигит. Ўртача маош – йилига 64 443 доллар

Ижарага йигит – бу қизларнинг севикли инсони сифатида кўриниш учун ёлланадиган киши. Бу хизмат Япония, Хитой ва Вьетнам каби мамлакатларда кенг тарқалган. Улар сизга ижтимоий тадбирлар, оилавий йиғилишларда ёки оддий кунларда ҳамроҳ бўлиш учун боради. Бу одатда оиласи томонидан қилинадиган турмушга чиқиш ҳақидаги танбеҳларнинг олдини олиш учун қизлар тутадиган самарали йўл ҳисобланади. Қолаверса, оила қурган дугоналари билан тадбирларда ўзини ноқулай ҳис қилмаслик учун ҳам яхши усул. Шартнома муддати ва қоидаларини мижознинг ўзи белгилайди.
Профессионал сув париси. Ўртача маош – йилига 79 341 доллар

Сувости дунёсини намойиш этувчи паркларда гарчи ҳақиқий сув париларини олиб келтириш имконияти бўлмаса-да, улардек кийинган инсонларнинг чиқишларини кўрсатиш мумкин. Бундай ясама сув парилари тадбирлар, меҳмонхоналар ва ҳатто денгиз кўнгилочар марказларида ишлайди. Сохта сувпарилари бир марталик чиқиш учун ҳатто 6 000 долларгача ишлаб топиши мумкин.
Профессионал қучоқловчи. Ўртача маош – йилига 63 943 доллар

Қучоқловчи – бегона одамларни қучоқлаш учун ёлланадиган киши. Бу асосан, ёлғизлик, тушкунлик ёки травмадан азият чекаётган одамларга ёрдам беради. Қучоқлаш стрессни камайтирадиган окситотсин гормонини ишлаб чиқаради. Иш жуда муҳим ва яхши ҳақ тўланади.
Итлар учун ошпазлик. Ўртача маош – соатига 45 доллар

Шахсий ёки ҳашаматли ресторан каби, итлар учун ҳам махсус ошпазлар мавжуд. Масалан, Shake Shack ва Starbucks ресторанларида итлар учун алоҳида менюлар бор. Ҳатто фақат итларга мўлжалланган ресторанлар ҳам мавжуд. Бу касб эгалари яхшигина даромад топади.
Будильник инсон. Ўртача маош – соатига 22 доллар

“Daily Wake Up Call” компаниялари ҳар куни эрталаб одамларни уйғотишга ёрдам беради. Улар мижозларга қўнғироқ қилиб уйғотадиган инсон будильникларни ишга олади. Бу билан чекланмай, улар мижозларга кундалик вазифалари ва жадвалини эслатиб туради. Одатда АҚШ ва Европа давлатларида кучсиз иродага эга инсонлар шундай хизматлардан фойдаланади.
Машина қўриқловчи. Ўртача маош – ҳар бир машина учун 10 доллар

Коста-Рикада “Cuidacarro” деб аталадиган касб эгалари норасмий автотураргоҳларда қолдириладиган машиналарни қўриқлаб туриш орқали ҳам яхши даромад қилиш мумкин. Машинага шикаст етиш эҳтимоли катта бўлгани учун одамлар бу касб эгаларига мурожаат қилади. Улар расмий ишга олинмаган ёки лицензияга эга эмас, аммо шаҳар марказлари ва тунги гавжум жойларда кенг тарқалган.
Ўрин тўлдирувчи. Ўртача маош – ўзгарувчан

Ўрин тўлдирувчи бу муҳим тадбирларда, масалан, кино мукофотлари, спорт мусобақалари ёки концертларда бўш жойларни эгаллаш учун ёлланадиган шахсдир. Уларнинг вазифаси камералар ишлаганда бўш жойлар кўринмаслигини таъминлашдир. Мактаб, коллеж ёки университетларда тадбир ёки суҳбат бўлаётган залга ўқувчиларни мажбурлаб йиғиб келишганига ўхшаш касб деса ҳам бўлади. Бундай ҳолатлар Ўзбекистонда ҳам кузатилади.
Профессионал узр сўровчи. Ўртача маош – ўзгарувчан

Узр сўрашни яхши уддалайсизми? Унда бошқалар номидан профессионал узр сўровчи бўлинг! Уларнинг вазифаси қарши тараф тўлиқ қабул қилмагунча узр сўрашни давом эттиришдир. Профессионал узр сўровчиларни корпорациялар ҳам мижозлар билан қийин вазиятларни юмшатиш учун тез-тез ёллайди. Бундан ташқари, шахсан кечирим сўрашни истамайдиган, аммо вазиятни юмшатишга мажбур кишилар ҳам пул эвазига узр сўровчилар хизматидан фойдаланади.
Жиноят жойини тозаловчи. Ўртача маош – йилига 60 000 доллар

Жиноят жойини тозаловчилар қотиллик, суицид ёки бахтсиз ҳодисадан кейин ҳудудни тозалайди. Бу иш нафақат жисмонан, балки руҳан кучли одамлар учун, чунки улар қон, тана суюқликлари ва чириган жасадлар билан ишлайди. Тўлов яхши бўлса-да, ҳамма ҳам бу ишга журъат қила олмайди. Улар қатъий хавфсизлик қоидаларига риоя қилиши ва кўпинча хавфли чиқиндиларни йўқ қилиш ёки фавқулодда хизматлар бўйича тажрибага эга бўлиши керак.
Live
Барчаси