“Ювентус”га Погбани ортга қайтариш қиммат тушади

Спорт 1995
image

Франциялик футболчи Поль Погба билан шартнома имзолаш "Ювентус"га 80 миллион еврога тушиши мумкин. Бу ҳақда "La Gazzettа dello Sport" нашри маълум қилди.

Манбага кўра, ПСЖ ва "Реал Мадрид" каби гранд клублари қизиқиш билдираётганига қарамай, "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ футболчиси "кекса синьора" билан 4 йиллик шартнома имзолаши мумкин.

Қайд этиш жоизки, "Ювентус"да 29 ёшли ярим ҳимоячининг маоши йилига 7,5-8 миллион еврони ташкил қилади. Бонусларни қўшганда унинг йиллик даромади тахминан  10 миллион еврогача етиши мумкин.

80 миллион евронинг ичига Полнинг агентларига тўланадиган пуллар ҳам киради. Шунингдек турли хилдаги бонуслар ва солиқ юки ҳам "Ювентус"нинг гарданига илиниши назарда тутилган. Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, эркин агент Погба билан битим имзолаш кутилганидек сувтекин бўлмайди.

Таъкидлаш керак-ки, Поль "Манчестер Юнайтед"ни эркин агент сифатида тарк этган. Шу туфайли "қизил иблислар"га Погбанинг кетиши бир тийин ҳам олиб келмайди. Фақатгина унинг маошига кетадиган пуллар тежалади, холос. "Юнайтед" Погбани 2016 йили айнан "зебралар"дан 95 миллон евро эвазига харид қилган эди. Шунинг учун, 29 ёшли иқтидор эгаси келажакда "қизил иблислар"нинг энг катта молиявий хатоси сифатида эсланса, ажабмас.

Маълумот учун,  Погба "Юнайтед"даги 7 йиллик фаолиятида 154 учрашувда майдонга тушиб, 29 та гол киритган ва 2018 йили Европа лигасида ғолиб чиқишга муваффақ бўлган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 39
Рейтинг: 3
t
×