Ўзбекистонда фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи жорий этилди. Бу ҳақда Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган.
Қонунга кўра, қимматбаҳо, рангли ва радиоактив металларни, нодир элементларни ва нодир ер элементларини қазиб олувчи ва уларни техноген минерал ҳосилалардан ажратиб олувчи, углеводород хомашёсини қазиб олувчи юридик шахслар фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғини тўловчилар ҳисобланади.
Мазкур солиқ ставкаси солиқ базасига нисбатан 25 фоиз миқдорида белгиланади.
Мазкур солиқ тўловчиси бўлган чет эл инвесторлари солиқ ҳисобини АҚШ долларида юритиши мумкин.
Солиқ имтиёзларини ҳисобга олиш ахборот тизимлари орқали ва махсус идентификация кодини берган ҳолда амалга оширилади.
Тамаки ва алкоголь маҳсулотларига нисбатан янги солиқ ставкалари белгиланади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар мулкида бўлган мол-мулк солиқ солишдан озод этилади.
2021 йил 1 сентябрдан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод этилади.
Республика туманларида (бундан Тошкент шаҳри мустасно) фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар БҲМнинг 50 фоизи миқдорида қўлланилади.