Юнусободнинг собиқ ҳокими устидан суд давом этяпти
Жамият
−
03 Апрель 2019
12765Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Тошкент шаҳар Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов устидан суд иши бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бахтиёр Абдусаматов 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек. Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланмаган. У 2017 йилнинг апрель ойидан 2018 йилнинг сентябрига қадар Юнусобод туман хокими лавозимида ишлаган.
Абдусаматов билан биргаликда уюшган жиноий гуруҳ аъзолари сифатида яна икки киши судланмоқда. Улар:
Ўлмас Мухамедсаидов (1970 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз);
Шоҳруҳ Маликов (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланмаган, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси “Миллий PR-маркази” ДУК бош директори лавозимида ишлаган).
Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислигида кўриб чиқилмоқда.
Судланувчилар Б. Абдумасатов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси (пора олиш), Ў. Мухамедсаидов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) ва Ш. Маликов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.
Ҳозирги кунда суд тергови давом этиб, гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланмоқда.
Суд жараёни давом этмоқда.