Юнусободда яшовчи фуқарода ўта хавфли куйдирги касаллиги аниқланди

Саломатлик 15147
image

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи фуқарода ўта хавфли бўлган куйдирги касаллиги аниқланди. Бу ҳақда эпидемиолог Лола Умарова маълум қилди.

Қайд этилишича, 2021 йилда 30 нафар фуқарода куйдирги касаллиги гумон қилиниб, шулардан 10 нафарида касаллик тасдиқланган. 

Шунингдек, 2022 йил бошидан бери ҳозирги кунга қадар 10 нафар кишида куйдирги касаллиги гумон қилиниб, бир нафари, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи фуқарода касаллик тасдиқланган.

Маълумот ўрнида, куйдирги ўта хавфли касаллик бўлиб, асосан йирик ва майда шохли чорва моллари, қорамоллар, қўй, эчки, от, туя ва одамларда учрайди. 

Куйдирги касаллиги ҳайвонлардан ҳайвонларга, улардан одамларга юқади. Лекин касаллик одамдан одамга юқмайди. 

Одамга касаллик ҳайвонлардан, хусусан, ҳайвонни сўйиш, гўштини нимталаш вақтида, шунингдек, сув, тупроқ, чорвачилик маҳсулотлари орқали юқади. 

Одатда, касаллик шу соҳа ходимларида, яъни ҳайвонлар билан бевосита мулоқотда бўладиган кишиларда кўпроқ кузатилади. Инфекция соғлом одам организмига нафас йўллари, тери ва оғиз орқали тушиши мумкин.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 732
Рейтинг: 2.9
t
×