Юнусободда электр тармоқлари корхонасининг сохта ходимлари ушланди

3-саҳифа 3449
image

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида электр тармоқлари корхонаси (ЭТК)нинг икки нафар сохта ходими ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ўзларини Юнусобод тумани ЭТК ходимлари деб таништирган М.Ю. ва Д.К. мазкур туманда жойлашган 4-мавзе 54-уйдаги хонадоннинг электр ҳисоблагичи (тамғалари бузилмаган) гўёки нотўғри уланганини рўкач қилиб, шу бўйича тармоқдан узиш ҳақида тузилган далолатномани рўйхатдан ўтказмаслигини айтган. 

Мазкур “яхшилиги” эвазига эса хонадон эгаси А.дан 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бундан ташқари, Юнусобод тумани ЭТК АСКУЭ ходими Х.М. фуқаро М.Ю.га 22-сонли сохта гувоҳномани ясаб бергани аниқланган.

Хабарга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 124
Рейтинг: 3
t
×