Юнусобод ҳокими ёрдамчиси 35 минг доллар олаётганда қўлга тушди

3-саҳифа 8095
image

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳоким ёрдамчиси 35 минг доллар, тадбиркорликка кўмаклашиш марказининг Самарқанд шаҳар бўлинмаси мутахассиси 35 минг доллар, Агросаноат мажмуиси назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд тумани бўлими катта инспектори 50 минг доллар пора олаётган вақтда қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан биргаликда ўтказилган тезкор тадбирда Юнусобод туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи мансабдор шахс фирибгарлик йўли билан маҳаллий тадбиркордан 35 минг АҚШ долларини олган вақтда ушланди. 

Маълум бўлишича, у хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорга енгил типдаги савдо дўкони ўрнатиш учун маҳалла ҳудудидан 50 метр кв. ер майдони ажратилиши юзасидан тавсия беришни ва ер майдони ҳужжатларини танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. 

Бу йўналишда ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказган. Жумладан вилоят тадбиркорликка кўмаклашиш марказининг Самарқанд шаҳар бўлинмаси мутахассиси чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркордан 35 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган. 

Аниқланишича, у Норобод туманидаги МЧЖлардан бирига тегишли 78 гектар лалми ер майдонини 135 минг АҚШ доллар эвазига тадбиркор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. 

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуиси назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд тумани бўлими катта инспектори ўзига тегишли фермер хўжалигининг 20 гектар ер майдонини 50 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 25 минг доллар олган вақтида ушланган. 

Яна бир ҳолатда эса Пастдарғом туманида ёшовчи, 1975 йилда туғилган шахс ўзи иш бошқарувчи вазифасида фаолият юритаётган фермер хўжалигининг 6 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилинган 170 минг АҚШ долларидан 20 минг долларини олган вақтида ушланган. 

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 162
Рейтинг: 3
t
×