“Юнайтед” Роналдуни сотишга тайёр

Спорт 3047
image

Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби ҳужумчи Криштиану Роналду ёзда жамоани тарк этишни истаса, уни олиб қолишга ҳаракат қилмайди. Бу ҳақда “Тhe Sun” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти Роналдунинг иродасига қарши чиқиб, уни клубда ушлаб тура олмасликларини англаб етган. “Юнайтед” расмийлари узоқ давом этадиган можароларга аралашиб қолишни истамайди. 

“Қизил иблислар”нинг янги бош мураббийи Эрик тен Хаг клубнинг келажагини Роналдусиз режалаштириш кераклигини тушунди. Сабаби 37 ёшли футболчининг атрофига жамоа қуриладиган бўлса, бу узоқ муддатли режа бўлмайди. Шунинг учун тен Хаг “Юнайтед” тарихидаги янги саҳифани ёш юлдузлар билан очган маъқул, деб ҳисобламоқда.

Қайд этиш жоизки, Роналду жорий йилнинг 4 ва 5 июль кунлари “Манчестер Юнайтед” машғулотларига келмади. Португалиялик футболчи бу вазиятни оилавий шароит билан изоҳлаганига қарамасдан, дунё матбуоти унинг Манчестер клубини тарк этиши ҳақида ёзмоқда.

Ўтган мавсумда “Манчестер Юнайтед” Англия Премьер лигасида олтинчи ўринни эгаллади. Натижада клуб Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасидан қуруқ қолди. Келаси мавсумда “қизил иблислар” иккинчи даражали мусобақа бўлмиш Eвропа Лигасида иштирок этади. Роналду эса фаолияти давомида бир марта ҳам ушбу турнирда қатнашмаган ва у футболдан кетгунига қадар ЕЧЛда ўйнашни мақсад қилган. 

Маълумот учун, Роналду ўтган мавсумда “қизил иблислар” сафида 38 та ўйинда майдонга тушиб, 24 та гол уришга эришган. "Тransfermarkt" портали португалиялик иқтидор эгасини 35 миллион еврога баҳоламоқда.

Маъруф Абдумаликов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 34
Рейтинг: 2.9
t
×