“Юмшоқ куч” асосчиси вафот этди
Олам
−
08 Май 11430 2 дақиқа
Кеча, 7 май куни Америкалик сиёсатшунос, халқаро хавфсизлик масалалари бўйича собиқ мудофаа вазирининг ўринбосари Жозеф Най 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Гарвард университети хабар берди.
“Халқаро муносабатларда кучнинг табиати ҳақидаги ғоялари сиёсатчилар, олимлар ва талабалар авлодига таъсир кўрсатган ва уни дунёдаги энг машҳур сиёсий мутафаккирлардан бирига айлантирган Гарвард университетининг фахрий профессори кичик Жозеф Най 88 ёшида вафот этди”, дейилади хабарда.
Олимнинг рафиқаси Молли 2024 йилнинг декабрь ойида вафот этганди. Улардан уч ўғил ва тўққиз набира қолган.
Най 1937 йилда туғилган ва Нью-Жерси штатидаги фермер шаҳарчасида ўсган. 1958 йилда Принстон университетида бакалавр даражасини олди, Оксфордда Родс стипендиати бўлди, кейин Гарвард университетида сиёсат бўйича фалсафа доктори даражасини ҳимоя қилди. 1964 йилда Гарвардда дарс бера бошлади.
1989-1993 йилларда у Кеннеди номидаги бошқарув мактабидаги Фан ва халқаро муносабатлар маркази деб ўзгартирилган Белфер марказига раҳбарлик қилди. 1995 йилдан 2004 йилгача Кеннеди мактаби декани бўлган.
Бундан ташқари, олим Америка ҳукуматида лавозимларда ишлаган. 1977-1979 йилларда у давлат котибининг хавфсизлик, фан ва технологияларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари ёрдамчиси ва Миллий хавфсизлик кенгашининг ядро қуролини тарқатмаслик масалалари бўйича гуруҳи раиси бўлган. 1993 йилдан 1994 йилгача Миллий разведка кенгашини бошқарган, 1994-1995 йилларда Мудофаа вазирининг халқаро хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари бўлган.
1970 йилларда Най Роберт Кеохэйн билан ҳамкорликда иккита китоб нашр этган – “Трансмиллий муносабатлар ва жаҳон сиёсати” ва “Ҳокимият ва ўзаро боғлиқлик: ўтиш даврида жаҳон сиёсати”. Уларда олимлар халқаро муносабатларнинг иштирокчилари фақат давлатлар эмаслигини тушунтирган. Иккинчи китоб неолиберализмнинг асоси деб аталади.
Олим биринчи марта “юмшоқ куч” тушунчасини шакллантирган, бу замонавий сиёсатдаги энг муҳим тушунчалардан бирига айланди. Бу давлатнинг ўз маданияти, ижтимоий-сиёсий қадриятларининг жозибадорлиги ҳисобига – ҳарбий ва иқтисодий босимга асосланган “қаттиқ куч”га қарши ўз мақсадларига эришиш қобилиятини назарда тутади.
Live
Барчаси