Юлдуз Усмонова таваллуд кунида Умрага жўнаб кетди

Маданият-санъат

image

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова бугун, 12 декабрь куни 59 ёшни қаршилади. Хонанда таваллуд айёмида Тошкентда эмас. У кеча, 11 декабрь куни Умра зиёратини амалга ошириш учун турмуш ўртоғи билан Саудия Арабистонига жўнаб кетди. 

Бу Юлдуз Усмонованинг Саудия Арабистонига биринчи сафари эмас. Бунгача у бир неча бор Умра зиёратида бўлган. 2000-йиллар бошларида Ҳаж амалини ҳам адо этиб қайтган. Сўнгги бор 2019 йилда хонанда турмуш ўртоғи билан Умра зиёратига борганди. 

Юлдуз Усмонова жаҳонгашта хонанда. Унинг қадами етмаган ўлкаларга ҳам аллақачон қўшиқлари етиб борган. 

Унинг репертуарида ўзбек, қорақалпоқ, турк, уйғур, қозоқ, татар, рус, тожик, форс, араб ва бошқа тиллардаги 800 дан ортиқ қўшиқлар мавжуд  ва дискография 100 га яқин яккахон ёзувлар, CD ва DVDларни ўз ичига олади. Усмонованинг альбомлари Ўзбекистондан ташқари Германия, АҚШ, Англия, Туркия ва Голландияда ҳам чоп этилган. Дискларнинг умумий тиражи 25 миллион нусхадан ошади. 

Юлдуз Усмонова қўшиқлари ва аччиқ тили сабаб бир неча бор таъқиблар остида қолган ва бу таъқибларнинг айримлари давлат миқёсида бўлган. Хусусан, хонанда биринчи йирик “запрет”ини 1992, 1994 йилда олган ва ўшанда Голландияга кўчиб ўтган. Мамлакатдан чиқиб кетиш ҳам Юлдуз Усмонова учун омадли келган. У Голландияда Қиролича Беатрикснинг назарига тушганди. Кейинроқ Ўзбекистонга қайтди. Давлат миқёсидаги ва сиёсий элита иштирок этадиган ҳеч бир тадбир Юлдуз Усмонованинг қўшиқларисиз ўтмайдиган бўлди. Президент Каримов тадбирлар сўнгида уни бир неча бор бағрига босди. Энди Юлдуз сиёсий элита учун ўта яқин санъаткор эди. У билан чеклангани йўқ. 1995-2000 йилларда Олий Мажлис депутати бўлди. 

2006 йилда Юлдуз Усмонова 2005 йил 13 майда Андижонда юз берган воқеалар ҳақидаги гаплари ортидан сиёсий таъқибга учради. Ўша йилнинг ўзидаёқ унинг давлат тадбирларидаги иштирокига нуқта қўйилди. 2007 йилда кўплаб қийинчиликлар билан “Халқлар дўстлиги” саройида концертини тақдим этди ва ўша йили Ўзбекистонни тарк этиб, Туркияга кўчиб ўтди. Усмонова “Америка овози”га берган интервьюсида Ўзбекистондаги давлат назорати билан боғлиқ муаммоларни тилга олиб, Ўзбекистон ҳукумати унинг Туркманистонда концерт беришига тўсқинлик қилаётганини, Ўзбекистон ҳукумати билан чегара масалалари бўйича муаммоли муносабатларга эга эканлигини таъкидлади. Истанбулга кўчиб ўтгач, Усмонова Туркияга 10 йил қолди. Бу орада албатта Тошкентга асосан тўй хизматлари учун келди. Туркияда бир неча альбомлар чиқарди, машҳур турк хонандалари билан дуэт куйлади. 

Сиёсий воқеалар марказида бўлиб келадиган Усмонова, 2010 йилда қирғиз воқеалари фонида қирғизларни мамлакат жанубида яшовчи ўзбекларга нисбатан зўравонликларда қораловчи қўшиқ ёзган ва ижро этган. Қўшиқнинг расмий нашри йўқ, қўшиқнинг ишчи версияси билан бирга тартибсизликлар жойидан олинган фотосуратларнинг видео кетма-кетлиги тармоққа жойланди. 

У Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов сиёсатини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаган, матбуотга берган интервьюсида уни “подшо” деб атаган, ҳатто, унга атаб бир неча қўшиқлар куйлаган. “Қироличам” альбомидан жой олган “Самарқанд” қўшиғи ҳам шулар жумласидандир. 

Хонанда Каримовлар оиласи, хусусан Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан яқин муносабатда бўлган. Каримова бир неча бор Юлдуз Усмонованинг концертларида меҳмон бўлган. Ҳатто, Юлдуз Усмонова тақиққа учраганда ҳам Гулнора Каримова уни саҳнага олиб чиқиш учун бир неча бор ҳаракат қилган. Бу учун Усмонова Гулнорага атаб “Гулисан”, унинг маданият фестивалига атаб “Асрлар садоси” номли қўшиқлар куйлаган. 

Хонанда ижодига қўйилган сўзсиз тақиқ Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг, Шавкат Мирзиёев республиканинг янги раҳбари этиб сайланиши арафасида бекор қилинди. Хонанда давлат телевидениесида чиқа бошлади ва “Эй Азиз инсон” дастури билан мамлакатнинг асосий концерт зали – “Халқлар дўстлиги” саройида 11 йилдан кейин илк концерт дастурини тақдим этди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Юлдуз Усмонова

Баҳолаганлар

909

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made