Юлдуз Усмонова Каримов ҳукмронлиги даврида санъаткорлар эзилгани ҳақида шов-шувли интервью берди

Маданият-санъат

image

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳибаси Юлдуз Усмонова Президент Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида мамлакатда санъаткорлар эзилганини айтди. У “Миллий” телеканалининг “Инсон қадри” кўрсатувидаги чиқишида Каримов даврида мамлакатдан бир неча марта қувилганини хотирлади. У ҳақиқатни гапиргани учун боши калтак остида қолганини урғулайди. 

“92-йилда бир тепилиб Европага кетдим. Бу биринчи кетишим, 4-5 йил қолиб кетдим, келолмай қолдим. Келганимда аэропортдан ичкарига киритмасдан, “наручник”да ўтириб, яна қайтадан самолётга олиб чиқиб қўйишган. Тепиб юборишган, яна кетганман. 

Ҳозир гапирсам, бу одамни яхши кўрганлар бўлиши мумкин, лекин шу одамни даврида биз эзилдик. “Талант”лар йўқ бўлди. Эртага яна келадими ё йўқ, уни Худо билади. Нимани қилсанг хор, шунга бўласан зор”, дейди хонанда. 

Юлдуз Усмонова 2006 йилгача Ўзбекистон сиёсий элитасининг севимли хонандаларидан бири бўлган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, мамлакат бош майдонларида Наврўз ва Мустақиллик байрамларини тантанали тарзда нишонлаш урфга айланган ва кўп йиллар давомида ушбу маросимларда финал қўшиғини ижро этиш Юлдуз Усмоновага ишониб топширилган. У Каримов даврида сўнгги бор 2005 йил Мустақиллик байрами ва Конституция қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда чиқиш қилган. 2006 йилга келиб Наврўз байрами тантаналарида финал қўшиғини ижро этиш ёш хонанда Гулсанам Мамазоитовага топширилган ва Каримов вафотига қадар бу ўринни айрим ҳолларда Озодбек Назарбеков, вақти-вақти билан Зулайҳо Бойхонова эгаллаган. 

2007 йилга келиб Юлдуз Усмонованинг қўшиқларига мамлакатдаги барча телеканаллар ва радиоларда тақиқ қўйилди. Хонанда 2007 йилдаги концерт дастуридан сўнг Туркияга жўнаб кетди ва у ерда ўзининг “запрет”га тушгани, сиёсатчиларнинг қўғирчоғи бўлишни истамагани ҳақида “Америка овози” радиосига шов-шувли интервью берди. У ўз сўзида Ўзбекистондаги сиёсий вазиятга ҳам тегиниб ўтган ва бунда унинг танқиди тўғридан-тўғри Тошкентнинг сиёсий элитасига қаратилганини сезиш қийин эмасди. QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга кўра, ўша вақтда Юлдуз Усмонова билан келишмовчиликларнинг давлат томонидаги асосий иштирокчиси марҳум Маданият ва спорт ишлари вазири Алишер Азизхўжаев бўлган.

“Туркияга кетганимда ҳам жуда хунук кетказишди. Мен буни кечирдим. Лекин кечириладиган иш бўлгани йўқ. “Нимага бунақа бўляпти”, демадим. Тир яланғоч жўнатиб юборишган. Битта “рубашка”, битта иштон билан кетганман. Эримнинг “ипподром”да 3-4 та магазини бор эди. Уни ҳам беркитишди. Оч қолганмиз эр-хотин. 

Мен энди Туркияга кетганимда неварам туғилган эди. Уни кўргим келмасмиди?! Бутун оилани пароканда қилиб юборишди. Қайтмаяптими? Қайтяпти! Мени қўйинг, қизим, болаларим буни кечирармикин?! Энг керакли пайтим ёнида бўлолмадим”, дейди Юлдуз Усмонова. 

У Туркияда кечган оғир кунларини эсларкан, ўша вақтларда қўлида пули бўлмагани, турмуш ўртоғи Истанбулда туристларга гидлик қилиб пул топиб келса, музлатгичи тўлгани, вақтини турк тилини ўрганишга сарфлаганини айтади. Ўзининг Туркияга кетиши ортидан мамлакатда қариндошлари ҳам тинч қўйилмаганини қўшимча қилади, Юлдуз. 

“Мени бошимга иш тушганда, фақат Юлдузни ўзи зулм кўрди, деб ўйламанг. Мени ота-онам Ҳажга боролмай қолди. Қариндош-уруғим давлатнинг ишида умуман ишлолмай қолишди. Мени ортимдан шундай бўлган бўлса, мендан рози бўлинглар, деб айтдим. Қўйинглар, шу ишда ишламанглар. Аллоҳ рисқимизни беради. Камбағал бўлсак ҳам ғуруримиз бор. Биттасиям давлатнинг ишида ишлолмади, ҳаммасини куйдиришди. Ҳажга келган навбатимизни ҳам олиб ташлашарди. Тарих кечирадими? Тарих ҳеч кимни кечирмайди: сизни ҳам, мени ҳам”, дейди Юлдуз Усмонова. 

Маълумот ўрнида, 2016 йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 78 ёшида вафот этди. Шу йилнинг декабрь ойида мамлакатда Президент сайлови бўлиб ўтди ва Бош вазир лавозимида фаолият юритиб келаётган – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди. Пойтахтдаги “Ўзэкспомарказ”да партия томонидан ғалаба тадбири ташкиллаштирилди ва унда тарафдорлар орасида Юлдуз Усмонова ҳам кўриниш берди. Шу куннинг ўзидаёқ барча телеканаллар ва радиоларда Юлдуз Усмонованинг қўшиқларига рухсат тегди. Орадан бир неча кун ўтиб хонанда “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Конституция қабул қилинган кун муносабати ўтказилган тантанали маросимда чиқиш қилди. Бу эса Юлдуз Усмоновага қўйилган ҳар қандай тақиқлар олиб ташланганининг ифодаси эди. 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Президентлиги даврида Ўзбекистон халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Фаррух Зокиров, Шерали Жўраев, хонанда Озода Нурсаидовага қўйилган тақиқлар олиб ташланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Юлдуз Усмонова

Баҳолаганлар

1244

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг