Йўлдошев сайловдаги қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида маълумот берди
Жамият
−
25 Октябрь 2021
6681Сайлов жараёнида қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида прокуратура органларига 12 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда бугун, 25 октябрь куни Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев маълум қилди.
“Куни кеча ўтказилган матбуот анжуманидан сўнг, сайлов иштирокчиларидан қонун бузулиши ҳолатлари мавжудлигини текшириш учун жами 12 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 5 таси Тошкент шаҳри, 3 таси Қашқадарё вилояти ва 1 тадан Наманган, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келди”, дейди бош прокурор.
Аниқланишича, ушбу мурожаатларнинг биттасини Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси тақдим этган. Биттаси бевосита интернет тармоғидаги мониторинг натижасида аниқланган. Қолган 10 тасини фуқароларнинг прокуратура органларидаги 1007 ишонч телефонига қилинган мурожаатлари ташкил этган.
Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси тақдим этган маълумотга кўра, Юнусобод туманидаги 519-сонли сайлов участкасида фуқаро 3 нафар оила аъзолари учун ҳам овоз беришга ҳаракат қилган. Бу ҳаракат участка сайлов комиссияси томиндиан зудлик билан тўхтатилиб, ортиқча бюллетен сайлов қутисига ташланишига йўл қўйилмаган ва бу ҳақда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Таъкидланишича, фуқаролар томонидан Бош прокуратуранинг 1007 ишонч телефонига келиб тушган 10 та мурожаати эса, асосан сайловга таклифнома берилмаганлиги, кўчма сайлов қутиси кечикаётгани, исми шарифи бошқа сайлов участкасида қайд этилгани каби техник масалаларга доир бўлиб, тезкор тарзда кўриб чиқилган ва тўлиқ бартараф этилган.
“Фуқароларимизнинг сайловда иштирок этолмай қолишдан хавотирга тушиб, мурожаат этгани ҳам, уларнинг ушбу сиёсий жараёнга бефарқ эмаслигидан далолат беради. Шу ўринда, ушбу фуқароларимизга фаоллиги учун миннатдорчилик билдирамиз”, дейди Ниғматилла Йўлдошев.
Ўрганишларга қараганда, сайлов жараёнида жиддий қонун бузилиш ҳолатлари аниқланмаган.
LiveБарчаси