Юқоричирчиқда кучли ёмғир ёғиши оқибатида 25 та уйни сув босди

Жамият 4681
image

Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида кучли ёғингарчилик кузатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди. 

Таъкидланишича, кеча, 14 май куни тахминан соат 18:20 атрофида Тошкент вилояти ҳудуди бўйлаб қисқа муддатда кучли ёмғир ёғиши натижасида вилоятнинг Юқоричирчиқ тумани “Навбаҳор” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Яйилмасой” сойи ўзанида ёмғир сувлари тошиши содир бўлган. Оқибатда, Обод турмуш кўчасида жойлашган тахминан 25 та аҳоли хонадони, томорқа ер майдонларига сув кириши кузатилган.  

Содир бўлган ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишларига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлими, Юқоричирчиқ тумани Фавқулодда вазиятларда Давлат тизимига кирувчи корхона ва ташкилотларнинг куч воситалари жалб этилиб, аҳоли хонадонларида сув тортиш ишлари олиб борилган. Ҳозирда тошқин сувлари талафотлари бартараф этилган. 

Юзага келган ҳодиса оқибатида “Навбаҳор” маҳалласи Обод турмуш кўчаси ҳудудидаги пойдеворга эга бўлмаган хом ғиштдан қурилган хонадон биносига зарар етган. 

Мазкур ҳолат оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиши ва уй ҳайвонлари нобуд бўлиши тўғрисида маълумотлар келиб тушмаган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 106
Рейтинг: 3.1
t
×