ЙТҲда бош соҳаси лат еган 5 ёшли болакайнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди
Жамият
−
09 Март 2022
4122Кеча, 8 март куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида автобус икки нафар пиёдани уриб юборгани, оқибатда 70 ёшли аёл вафот этган, 5 яшар болакай тан жароҳатлари билан шифохонага олиб кетилгани ҳақида хабар берган эдик. Оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган Р.Я.нинг ҳаёти мураккаб операциядан сўнг сақлаб қолинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса соат тахминан 11:30 да юз берган. 1996 йилда туғилган ҳайдовчи С.М. МАN русумли автобусни бошқариб кетаётиб, пиёдалар ўтиш жойида икки кишини уриб юборган. Оқибатда 1952 йилда туғилган Р.З. тан жароҳатлари сабаб вафот этган. 2017 йилда туғилган Р.Я. эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.
Шундан сўнг, бемор зудлик билан бош мия, бўйин, кўкрак ва бел умуртқа поғонаси, кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи аъзолари МСКТ ҳамда қорин бўшлиғи ва кўкрак қафаси аъзолари ультратовуш текширувларидан ўтказилган.
Унга автотравма, қўшма жароҳат, бош мия ёпиқ жароҳати ва чайқалиши, қорин бўшлиғининг ёпиқ жароҳати, қора талоқ ёрилиши, кўкрак қафаси ёпиқ жароҳати, ўнг ўпканинг лат ейиши, бош энса соҳасининг эзилиб йиртилиши каби дастлабки ташхис қўйилган. Тиббий кўрсатма ва стандартларга мувофиқ беморда зудлик билан бир неча турдаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилган.
“Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида операция муваффақиятли ўтказилди. Кўрилган тезкор даво чоралари сабабли айни пайтда беморнинг умумий аҳволи яхшиланиб, унда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси