ЙПХ ходими ва ҳайдовчи тортишувлари: томонлар ўзининг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши керак?
Бу қизиқ
−
08 Июль 2021
15600Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими ва ҳайдовчи ўртасида тортишувлар, муштлашишлар ва турли хил келишмовчиклилар тасвирланган видеолар тез-тез учраб туради. Ушбу тортишувлар ЙПХ ходимлари ва ҳайдовчиларнинг аксарияти ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмаслиги оқибатида юзага келади.
ЙПХ ходимларнинг айримлари ҳайдовчидан қандай ҳужжатлар талаб қилишини, ўзининг мажбуриятини билмаса, айрим ҳайдовчилар эса қандай ҳужжатлар тақдим қилиш кераклиги, қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари борлигини билишмайди.
Шу муносабат билан 2018 йил 1 декабрда Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Лекин, бугунги кунгача баъзи ЙПХ ходимлари ва ҳайдовчилар ушбу Низом талабларига билим савияси пастлиги туфайли риоя қилмаслик, ундаги нормаларни четлаб ўтиш ёки ушбу номаларни билмаслик, ҳолатлари учрамоқда.
Йўл ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармаси баёнотига кўра ЙПХ ходимларнинг 60 фоизга яқини олий маълумотга эга эмас.
Шунингдек, жорий йилнинг 30 июнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг қўшма йиғилишида ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров ЙПХ ходимларида нега ҳайдовчилар билан мулоқот қилиш маданияти етишмаслиги сабабларини айтиб ўтди.
Маълум қилинишича, бунинг асосий сабаби тизим ходимларининг билим даражаси ва маълумоти етарли эмаслигидир. Шунингдек, жорий йилнинг беш ойи мобайнида ЙҲХ тизимида ўз касбига нопок муносабатда бўлишга доир 978 ҳолат аниқланган 200 нафар ходим аттестатциядан ўта олмагани сабабли лавозимидан озод этилган.
Низомга кўра Йўл-патруль хизмати ходими томонидан транспорт воситалари қуйидаги асосларга кўра тўхтатилиши мумкин:
• йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши визуал кузатувда аниқланганда ёки махсус мосламада қайд қилинганда;
• транспорт воситаси, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда эканлиги, йўл транспорт ҳодисасига алоқадор эканлиги ҳақида маълумотлар бўлганида;
• йўл транспорт ҳодисаси, ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини кўрган ҳайдовчи ёки йўловчидан ҳодиса тафсилотига ойдинлик киритиш зарурати юзага келганда;
• ваколатли давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш бўйича кўрсатмаларини бажариш жараёнида;
• транспорт воситасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш зарурати юзага келганда;
ЙПХ ходими томонидан бошқа асосларга кўра транспорт воситаларининг тўхтатилиши тақиқланади.
ЙПХ ходими ҳайдовчидан қуйидаги ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга:
• Низомда кўрсатилган асосларга кўра транспорт воситасини тўхтатиш, ундан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, транспорт воситасига, шунингдек, ташилаётган юкларга оид ҳужжатларни текшириш;
• ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахс билан биргаликда транспорт воситасини ва юкларни ташқи кўздан кечириш;
• йўл транспорт ҳодисаси ва бошқа ҳуқуқбузарлик содир этилганлигининг гувоҳи бўлган йўл ҳаракати қатнашчиларини аниқлаш;
• ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш;
• транспорт воситасининг двигатель ва агрегат қисмларининг рақамларини рўйхатлаш ҳужжатларида ёзилган рақамлар билан ҳайдовчининг бевосита иштирокида солиштириш (ҳайдовчининг иштирокини таъминлаш имкони бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно);
• транспорт воситасини таъқиб қилиш ёки кузатиш;
• жиноят содир этганлиги учун айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган ҳамда қидирувда бўлган шахсларни ушлаб туриш;
• алкоголли ичимликдан‚ гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бўлган, транспорт воситасини бошқариш учун тегишли ҳужжатлари бўлмаган, руҳий ҳолати ёки соғлиги транспорт воситасини бошқаришга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган носоз транспорт воситасини бошқараётган шахсларни транспорт воситасини бошқаришдан четлаштириш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини олиб қўйиш, транспорт воситасини сақлаб турадиган махсус ажратилган жойга қўйиш учун олиб борилишини таъминлаш;
• қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда‚ жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш.
ЙПХ ходимлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Қуйидаги ҳолларда ЙПХ ходими ҳайдовчи ёки йўловчилардан транспорт воситаси кабинасидан чиқишини талаб қилишга ҳақли:
• транспорт воситасидаги техник носозликни ва юк ташиш қоидаси бузилганлигини бартараф этиш мақсадида;
• ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқараётган деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлганда;
• транспорт воситасининг двигатель ва агрегат қисмлари рақамларини рўйхатлаш ҳужжатларида ёзилган рақамлар билан фарқ аниқланган тақдирда бевосита ҳайдовчи иштирокида солиштириш мақсадида;
• транспорт воситасига тегишли ҳужжатлар ёки унда олиб кетилаётган юк ҳужжатлари мавжудлигини текшириш зарурати юзага келганда;
• ҳайдовчи ёки йўловчи жиноят содир этганликда гумон қилинаётганда;
• ҳайдовчининг транспорт воситаси кабинасида бўлиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолларда.
ПХ ходими ўз хизмат вазифаларини бажаришда қуйидагиларга мажбур:
• хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориш;
• визуал кузатув ҳамда махсус мосламалардан фойдаланган ҳолда қоидалар бузилганлигини аниқлаш;
• йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганидан кейин унинг олдига бориш, ўзини таништириш, лавозими, унвони, фамилияси ҳақида маълумот бериш, унинг талабига кўра кўкрак нишон белгисини маълум қилиш ва хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатиш;
• йўл ҳаракати қатнашчиларига мобиль видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиш ва келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видео ёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш;
• ҳар қандай вазиятда йўл ҳаракати қатнашчилари билан вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиш, уларга ҳурмат билан ҳамда “сиз” деб мурожаат қилиш, йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларда муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилиш;
• йўл ҳаракати қатнашчиларига уларни тўхтатиш сабаби, содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан аниқ, лўнда тушунтириш бериш;
• ҳайдовчини маст ҳолда деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлган тақдирда, уни транспорт воситасини бошқаришдан четлатиш, мастлик ҳолатини аниқлаш учун белгиланган тартибда текширувдан ўтказиш, ҳайдовчи мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширув ўтказилишидан бўйин товлаган тақдирда маъмурий баённома расмийлаштириш;
• белгиланган тартибда берилган кўрсатмага асосан йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаракатини чеклаш ёки тақиқлаш;
• қоидаларни бузган йўл ҳаракати қатнашчисига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштириш чоғида унга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;
• ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз вақтида тегишли чораларни кўриш;
• йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жой ҳолатини ўзгартириш, далиллар йўқотилиши ёки йўқ қилинишининг олдини олиш мақсадида ҳодиса жойини ўраб олиш чораларини кўриш;
• ҳуқуқбузарликдан ёки бахтсиз ҳодисалардан жабрланганларга, ҳаёти (соғлиги) хавф остида қолган шахсларга, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган йўл ҳаракати қатнашчиларига ҳамда йўл транспорт ҳодисаси оқибатида шикастланган транспорт воситаларини белгиланган жойга олиб боришда фуқароларга ёрдам кўрсатиш;
• белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириб, қоидаларни бузган ҳайдовчини махсус мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириш, унинг талабига кўра мосламанинг қиёслаш сертификатини кўрсатиш;
• йўл ҳаракати қатнашчиларига юқори турувчи орган (мансабдор шахс) ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқини тушунтириш.
ЙПХ ходими қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради. ЙПХ ходими томонидан йўл ҳаракати қатнашчисини асоссиз тўхтатиб туриш тақиқланади. Ходим йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганда ёки у томонидан содир этилган қоидалар бузилишини расмийлаштириш жараёнида ҳолатга дахлдор бўлмаган ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатга эга бўлмаган шахсларга қоидалар бузилишини расмийлаштириш юзасидан тушунтириш беришга мажбур эмас.
Йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
• ЙПХ ходими томонидан тўхтатиш асосларини, қоидаларнинг қайси банди (бандлари)ни бузганлиги тўғрисида тушунтириш берилишини талаб қилиш;
• транспорт воситасини тўхтатган ЙПХ ходимидан ўзини таништиришини, хизмат гувоҳномасини кўрсатишини ва кўкрак нишон белгисини маълум қилишини талаб қилиш;
• хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик;
• ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиш (ЙПХ ходими томонидан фото ва видеотасвирга олиш тақиқланган белги мавжуд ҳудудларда хизмат олиб бориш ҳолатлари бундан мустасно);
• мазкур низомда назарда тутилган ҳоллардан ташқари транспорт воситаси кабинасидан чиқмасдан‚ ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатга киришиш;
• содир этган қоидабузарлиги қайд этилган махсус мослама натижалари билан танишиш;
• ҳуқуқбузарлик ҳолатини аниқлашда фойдаланилган махсус воситаларнинг қиёслаш сертификатларини кўрсатишни талаб қилиш;
• ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тушунтиришлар бериш;
• асоссиз тўхтатиб турилмаслигини талаб қилиш;
• ЙПХ ходими томонидан транспорт воситасини ёки ундаги юкни ташқи кўздан кечириш жараёнида иштирок этиш;
• ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари билан танишиш, улардан ўз ҳисобидан нусха кўчириш ёки уларни фотосуратга олиш;
• ЙПХ ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, расмийлаштирилган ҳуқуқбузарлик тўғрисида маъмурий баённома ҳамда чиқарилган қарор устидан юқори турувчи орган (мансабдор шахс)га ёки судга шикоят қилиш;
• ўзи гувоҳи бўлган ҳодиса ҳақида ЙПХ ходимига ҳаққоний маълумотни баён қилиш.
Йўл ҳаракати қатнашчилари қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда қуйидагиларга мажбур:
• ЙПХ ходимининг қонуний талабларига бўйсуниш ва уларни бажариш;
• транспорт воситасини бошқаришда белгиланган ҳужжатларни, шахсини тасдиқловчи
(транспорт воситасини ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган ҳолларда) ҳужжатларни ЙПХ ходимлари талаб қилганда текшириш учун тақдим этиш;
• ЙПХ ходимига совға, моддий бойликлар таклиф қилмаслик ёки бошқа шаклда манфаатдор этишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширмаслик;
• мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда хизмат гувоҳномасини кўрсатмаслик (қонун ҳужжатларида содир этган қоидабузарлиги учун маъмурий жавобгарликнинг алоҳида тартиби белгиланган шахслар бундан мустасно);
• йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиси ҳамда ЙПХ ходими ўртасидаги ўзаро муносабатга халақит бермаслиги шарт.
Йўл ҳаракати қатнашчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.
ЙПХ ходими қуйидаги ҳолларда ҳуқуқбузарни яқин орадаги ички ишлар бўлимига ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига олиб бориши мумкин:
• ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаган ҳолларда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани содир этилган жойда тузиш имкони бўлмаса;
• транспорт воситаларидан фойдаланиш, ҳаракат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш қоидалари бузилган тақдирда, ҳуқуқбузарда шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва у ҳақида зарур маълумотлар бериш мумкин бўлган гувоҳлар бўлмаса.
Ўзининг шахсий хавфсизлиги ва ҳаракат қатнашчилари хавфсизлигини таъминлаш учун таъқиб қилиш ёки кузатиш вақтида ЙПХ ходими қуйидагиларга амал қилиши лозим:
• патруль автомобилида махсус чироқ-маёқча ва товушли сигналлар мунтазам ёқилган ҳолатда бўлиши;
• аниқ шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда ҳаракат тезлигини танлаши;
• йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик чораларини кўришлари бўйича хабардор қилиб бориши;
• таъқиб қилиш ва кузатиш жараёнида транспорт воситасининг ҳаракатланишини чеклаш чораларини кўриши.
LiveБарчаси