ЙПХ ходими ўқ узган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Жамият
−
09 Декабрь 2019
9186Аввалроқ, 7 декабрдан 8 декабрга ўтар кечаси тахминан соат 03:10 да Чилонзор туманидаги Муқимий ва Байналминал кўчалари кесишмасида Labo русумли автомобилни бошқариб борган ҳайдовчи бетон тўсиққа урилгани, сўнг қўлида пичоқ билан ЙПХ ходимларига тажовуз қилгани, ИИББ ходимлари унга ўқ узгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси томонидан кеча, 8 декабрь куни фуқаро Н.К.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Labo ҳайдовчиси ЙТҲ содир бўлгандан кейин кабинадан чиқавермагач, воқеа жойига биринчи бўлиб етиб келган ППХ ходими йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ЙТҲ ҳақида хабар беради. Ҳайдовчидан тиббий ёрдам кераклиги ҳақида сўрамоқчи бўлганида, ППХ ходими ҳайдовчининг ғайритабиий ҳаракатлари ва гапларида, ҳаракатларида мувофиқлик йўқлигига эътибор қаратиб, бу ҳақда ЙПХ инспекторларини огоҳлантиради. Тахминга кўра, ҳайдовчи психотроп воситалар ёки спиртли ичимликлар таъсири остида бўлган. Кутилмаганда ҳайдовчи ЙТҲ жойига етиб келган ЙПХ инспекторларига қаршилик кўрсата бошлаб, тинчланиш ва жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги чақирувларга жавобан тажовузкорона ҳаракатлар қилган.
Ҳайдовчи ёнидаги пичоғини чиқариб, кимда ким яқинлашса, унга жароҳат етказишини айтган. Ўтиб кетаётган ҳайдовчи ва пиёдалар тўхтаб томоша қила бошлаганлари сабабли ҳодиса атрофида одам кўпая бошлагач, фуқаролар ва ходимлар ҳаёти ва соғлиғи учун реал хавф юзага келган. Шунда ЙПХ инспектори кичик сержант Т.О. табель қуролини қўллашга қарор қилган. ЙПХ инспектори бир неча марта ҳайдовчини қўрол қўллаши ҳақида огоҳлантиришига қарамасдан, ҳайдовчи ўзини агрессив тутишда давом этиб, ходимларга пичоқ санчмоқчи бўлган. Шундан сўнг ЙПХ инспектори йўриқномага мувофиқ ҳаракат қилиб, осмонга ўқ узган, бу ҳам қоидабузарга таъсир қилмаганидан сўнг, унинг оёғига қарата ўқ узган. Фақатгина шундан сўнг қоидабузар пичоғини ташлаган. Унинг қўллари кишанланиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15