Нархлар йил бошидан бери қанчага қимматлашгани маълум бўлди
Жамият
−
02 Ноябрь 2020
4287Октябрь ойида истеъмол нархлари ва тарифларининг ўртача даражаси 1,4 фоизга ўсди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботида айтилган. Январь-октябрь ойларида истеъмол бозорида нархлар ва тарифлар ўртача 7,8 фоизга ўсди.
Октябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 2,3 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,8 фоизга, хизматлар 0,7 фоизга қимматлашган.
Умуман олганда, йилнинг ўн ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражаси 10 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 6,9 фоизга, хизматлар нархи 5,2 фоизга ўсди.
Октябрь ойида кузатилган озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий гуруҳлари орасида нархларнинг сезиларли ўсиши тухум (17,7 фоиз), сариёғ ва ёғлар (9,5 фоиз), мева ва сабзавотлар (3,2 фоиз), шунингдек, шакар, чой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида қайд этилган (2,3 фоиз). Бир ой давомида сут маҳсулотлари 0,9 фоизга, гўшт, парранда гўшти ва балиқ, алкоголли маҳсулотлар 0,7 фоизга, нон маҳсулотлари 0,5 фоизга ўсди. Умумий овқатланиш соҳасида нархлар 1,3 фоизга ўсди.
Кўрилаётган ноозиқ-овқат маҳсулотларининг асосий гуруҳлари орасида сентябь ойидаги каби нархлар ўсиши бўйича етакчилик автоуловларнинг ёқилғиси нархи бўйича бўлиб, улар ўртача 1,7 фоизга қимматлашди.
Октябрь ойида аҳолига пуллик хизматлар тарифлари 0,7 фоизга ошди. Йўловчилар транспорти хизматлари нархи бир ой ичида 1,8 фоизга, шу жумладан ҳаво хизматлари — 5,2 фоизга, автомобиллар — 1,4 фоизга, темир йўллар — 0,2 фоизга ўсди.
Умуман олганда, январь-октябрь ойларида тарифлар нархининг энг кўп ўсиши давлат мактабгача таълим ташкилотлари (15,2 фоиз), дам олиш хизматлари (10 фоиз), йўловчилар транспорти (9,9 фоиз) ва маиший хизматларда (9,7 фоиз) кузатилди.