Европарламент раҳбари вафот этди 

Олам 4330
image

Европарламент раиси Девид Сассоли 66 ёшида Италияда вафот этди. Бу ҳақда унинг Матбуот котиби Роберто Куилло маълум қилди.  

Унинг аниқлик киритишича, сиёсатчи ва журналист Авиано онкология марказида 01:15 (Тошкент вақти билан 05:15) да вафот этган. 

Ўтган йилнинг 26 декабрь куни Сассоли иммунитет тизимининг дисфункцияси туфайли юзага келган оғир асорат оқибатида шифохонага ётқизилган. 15 декабрь куни сиёсатчи Европарламент раислигига ўз номзодини қайта кўрсатмаслиги маълум бўлган. 

Маълумот ўрнида, Сассоли 1956 йил 30 майда Флоренцияда туғилган. Журналистлик фаолиятини Римнинг “Il Tempo” газетаси таҳририятида бошлаган, кейин католикларнинг “Asca” ахборот агентлиги ва “Il Giorno” газетасида ишлаган. 

1992 йилда у Италиянинг “Rai” давлат телевидениесига янгиликлар мухбири сифатида қўшилган. 1996 йилдан у бир нечта машҳур теледастурларнинг бошловчисига айланган. 2007 йилда “Rai — Tg1” канали янгиликлар хизмати бош муҳаррири ўринбосари этиб тайинланган. 

Сассоли катта сиёсатга 2009 йилнинг ёзида, Демократик партия рўйхатлари бўйича Европарламент аъзоси этиб сайланганида кириб келган. У ЕПдаги Демократик партия делегациясига бошчилик қилган. 2014 йилда Европарламентга қайта сайланган ва шундан кейин Сассоли беш йил давомида раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган. 2019 йил май ойидаги сайловлар натижасида у учинчи марта Европарламент депутати, 3 июлда эса Европа парламенти раҳбари бўлган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 98
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×