Европага рус нефти етказиладиган қувурда сизма аниқланди
Олам
−
12 Октябрь 2022
7064Россиянинг Европага нефть етказиб бериладиган “Дружба” қувурининг ғарбий қисмидаги икки тармоғидан бирида сизиб чиқиш нуқтаси аниқланди. Бу ҳақда Польшанинг “Pern” оператори маълум қилди.
Компания маълумотларига кўра, операторнинг автоматлаштириш тизимлари 11 октябрь куни кечки пайт Полоцкдан 70 километр узоқликдаги қувур участкасида сизиб чиқишни аниқлаган.
“Бу – Германияга нефть етказиб бериладиган тармоқ. Ҳозирда ҳодиса сабаблари номаълум, қувурнинг шикастланган қисми узилган, иккинчи линия ўзгаришсиз ишламоқда”, дейилади “Pern” баёнотида.
Компания мутахассислари ва Польша ёнғин хавфсизлиги хизмати нефть оқаётган жойга вазиятни баҳолаш ва ҳудуд хавфсизлигини таъминлаш учун боришган.
Оператор инфратузилманинг бошқа элементлари, жумладан, танкерлар орқали етказиб бериладиган нефть Польша орқали Германияга олиб ўтиладиган участкаси ҳам нормал ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни бир неча соат ичида “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим-2”га қувурида тўртта газ сизиш нуқтаси аниқланди. Улардан биринчиси Даниянинг Борнхольм ороли яқинидаги “Шимолий оқим-2”да аниқланган. Кейин “Шимолий оқим”да иккита сизиш қайд этилди. Дания энергетика агентлиги денгизга катта миқдорда газ тушгани ҳақида хабар берди. Сўнгги тўртинчи сизиш нуқтаси Швеция ҳудудида топилди. Самолётлар ва кемаларнинг ҳодиса содир бўлган жойга беш денгиз милидан яқинроқ келиши тақиқланди.
Европа Иттифоқи расмийлари “Шимолий оқим”га атайлаб зарар етказилганини айтмоқда. Швеция ва Даниядаги сейсмологик станциялар газ сизиб чиққан ҳудудда сув ости портлашларини қайд этган.
Ҳодисаларни Германия, Дания ва Швеция текширмоқда. Немис махфий хизматлари бу ғаввос ёки сув ости кемасидан фойдаланган ҳолда саботаж бўлган деб гумон қилмоқда. Уларнинг фикрича, газ қувурлари тезда таъмирланмаса, улар абадий яроқсиз ҳолга келиши мумкин.
Россия Президенти Владимир Путин эса “Шимолий оқим”лардаги носозликни “англ-сакслар” қасддан уюштирганини айтиб чиқди. Аммо англ-сакслар деганда кимни назарда тутаётганини аниқ айтмади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь