Европадаги энг йирик наркокартель йўқ қилинди
Олам
−
28 Ноябрь 2022
9301Европа Иттифоқи полиция хизмати (Европол) Европадаги энг йирик наркотик картелини йўқ қилди, бир неча ўнлаб гумонланувчиларни қўлга олди ва жами 30 тонна кокаинни мусодара қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг бугун, 28 ноябрь куни эълон қилинган ахборотида айтилади.
Икки йилдан ортиқ давом этган тергов ва рейдлар қаторида Испания, Франция, Бельгия, Нидерландия, Бирлашган Араб Амирликлари ва АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари иштирок этди. Махсус хизматларнинг мақсади гиёҳванд моддалар савдоси ва пул ювиш билан боғлиқ халқаро жиноий тармоқни йўқ қилиш бўлган, деб хабар беради Интерпол.
“Чўл нури” операцияси натижасида 8-19 ноябрь кунлари 49 асосий гумондор қўлга олинди: Бельгияда 10, Испанияда 13, Нидерландияда 14, Францияда 6 ва БААда 6 киши. Европол маълумотларига кўра, тугатилган картел маълум турдаги наркотиклар етказиб бериш бўйича Европа бозорининг учдан бир қисмини назорат қилган.
Гиёҳванд моддалар ва гиёҳвандлик бўйича Европа мониторинг маркази 2022 йилги ҳисоботида моддаларни ишлаб чиқариш ва савдоси минтақадаги энг муҳим муаммолардан бири бўлиб қолаётганини қайд этганди. 2020 йилда Марказ маълумотларига кўра, Европа Иттифоқида рекорд миқдордаги 213 тонна кокаин мусодара қилинган.
LiveБарчаси