Европада тамаки муаммоси. Минтақа ёшлари янги тобеликка учраган

Жамият

image

Европа минтақасида истиқомат қилувчи ёшлар орасида тамакидан фойдаланиш тобора камайиб бормоқда, аммо ютуқлар бир хил эмас. Қитъадаги айрим мамлакатлардаги ёшларнинг аксар қисми ушбу зарарли одатга ўрганиб бормоқда. Аммо электрон сигаретларнинг машҳурлиги барча жойда ошаяпти. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботда айтилган. 

Баъзи мамлакатлардаги ўспиринлар ўртасида электрон сигаретдан фойдаланиш анъанавий сигарет чекишдан анча юқорилаб кетган. Масалан, Польшада талабаларнинг 15,3 фоизи оддий сигарет чекса, 23,4 фоизи электрон сигаретни афзал, деб билади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, электрон сигарет ва иситиладиган тамаки (ИТ)га ўхшаш бошқа инновацион маҳсулотларга қарамлик ўзида глобал тамаки эпидемиясининг кейинги босқичини акс эттиради. Электрон сигаретлар тамакисиз бўлади ва баъзида уларда умуман никотин бўлмайди. Бироқ, мавжуд маълумотларга кўра, ушбу маҳсулотлар ўзига қарамликни келтириб чиқаради ва соғлиқ учун зарарли ҳисобланади.

Иситилган тамаки маҳсулотларидан фойдаланиш танани заҳарлайди ва тамаки тутунида мавжуд бўлган кимёвий моддаларга дучор қилади. Электрон сигаретлар эса юрак-қон томир ва ўпка касалликлари хавфини оширади. Ушбу маҳсулотлар болалар ва ўспиринлар учун, айниқса, хавфлидир. Чунки у мия ривожланишига узоқ вақт зарарли таъсир кўрсатиши мумкин.

Масалан, Грузияда талабаларнинг электрон сигаретдан фойдаланиш даражаси 2014 йилдаги 5,7 фоиздан 2017 йилда 13,2 фоизга, Латвияда эса 2011 йилдаги 9,1 фоиздан 2019 йилда 18 фоизгача ўсган.

“Тамаки тутунидан озодлик” ҳамкорлиги тамаки пандемиясига қарши курашувчи ташкилотлардан бири ҳисобланади. Унинг етакчиси Анки Томнинг сўзларига кўра, энг долзарб чоралардан бири бу қонунчиликдаги тамаки маҳсулотлари, электрон сигареталар ва ИТни реклама қилишга имкон берадиган бўшлиқларни бартараф этишдир.

Дизайн ўзгаришлар, маҳсулот турларини кенгайтириш, турли хил атирлар, машҳур ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари билан ҳамкорлик, мусиқий фестивалларга ҳомийлик қилиш – шу ва шунга ўхшаш бошқа усуллар ёш истеъмолчилар эътиборини жалб қилиш учун ишлатилади. 

“Европанинг аксарият мамлакатларида анъанавий тамаки ва инновацион тамаки маҳсулотларнинг онлайн рекламаси тақиқланганига қарамай, саноат ушбу қоидаларни трансчегаравий даражада бузмоқда", дейди Том.

Мутахассислар турли ҳукуматлар ва Европа Иттифоқини тамаки билан курашиш бўйича тадқиқотлар учун маблағ ажратишга ва энг самарали чораларни изчил амалга оширишга чақирмоқда. “Тамаки тутунидан озодлик” раҳбарининг сўзларига кўра, тамаки саноати турли ташаббусларни молиялаштириш орқали олимларни ўз томонига жалб қилишга ҳаракат қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

тамаки никотин

Баҳолаганлар

37

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг