Европада дув-дув гап: Португалия Роналдунинг босимисиз ҳам чемпион бўлади

Спорт

image

“Ювентус”даги оғир мавсумдан сўнг, Португалия терма жамоаси бош мураббийи Фернанду Сантуш Португалия сардорини Евро-2020 мусобақаси ўйинларида майдонга тушириши шарт эканлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бундан тўққиз ой олдин эса, мутахассисга: “жамоа Роналду билан кучлими ёки усиз ҳам натижаларга эриша оладими”, дея савол беришганди. У эса,  елкасини қисиб, жилмайганча:

“Менимча, дунёнинг ҳеч бир жамоаси, энг яхши футболчиси йўқ бўлган пайтда натижаларга эриша олмайди. Ўтган 19 йил ичида беш карра “Олтин тўп” совриндори бўлган футболчининг таъсирини ҳисобга олган ҳолда, баъзи саволларга жавоб берадиган босқичга етиб келганимизга ишониш қийин”,- деб жавоб берганди.

Роналду миллий қаҳрамон ва доимо шундай бўлиб қолади. Евро-2004 финалида Португалия Грецияга мағлуб бўлган оқшом кўз ёшларини яшириб тура олмаган ёш йигит йиллар ўтгач клублари ва мамлакатини шон-шарафга йўналтириш пайтида мавжуд бўлган рекордларнинг деярли барчасига яқин келган ва аксарият ҳолларда уларни янгилаган супер юлдуз даражасига чиқди.

Португалия терма жамоаси сафида 106 та гол урган ҳолда терма жамоаларда гол уриш бўйича эронлик Али Дайининг рекордини (109 гол) янгилашга яқин келди. У 2019 йилда шундай деган эди: 
“Барча рекордлар кун келиб янгиланади, мен Дайининг рекордни, албатта, янгилайман”.

Шунингдек, ушбу турнир давомида Роналду томонидан янгиланиши мумкин бўлган ва аллақачон янгиланган бир қанча рекордлар мавжуд.

Дастлабки турда Венгрия дарвозасига иккита гол урган Криштиану Европа чемпионати тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди ва Мишел Платинини ортда қолдирди, ғалабалар сонини 12 тага етказган ҳолда, Сеск Фабрегас ва Андреас Иньсестадан ўзиб кетди. 

Агар Португалия чемпионликни қўлга киритса, Европа кубогини кетма-кет икки марта қўлга киритган иккинчи сардорга айланади (биринчиси - Икер Касильяс).

Роналду ва терма жамоа

“Ювентус”да ўтказган муваффаққиятсиз мавсумидан сўнг, кўпчилик Роналдунинг ўйини пасайиб кетганлигини ва бу ёш билан боғлиқ эканлигини таъкидлади. Бироқ, унинг ўзи бу фикрларга изоҳ билдирди:

“Ҳа, мен 5-10 йил аввалги даражамда эмасман, лекин биз ўйиндан ўйинга созланиб борамиз. Футболчининг энг керакли жиҳатларидан бири бу мослашиш қобилиятидир ва мен олдингига қараганда анча етукман. Агар футболчи кўп йиллар давомида ўйнашни хоҳласа, унга мослашиши керак. Менинг натижаларим шуни кўрсатмоқдаки, 18 ёшдан 36 ёшгача созланиш ва мослашишни ўргандим, шу сабаб ҳар доим ғалаба қозона олдим. Ҳамма нарсани тузатиш мумкин. Мен эса, шундай қилдим”,- деди расмий ўйинларда энгкўп гол киритган футболчи.

Роналдунинг гаплари тўғри: А сериянинг жорий мавсумида 33 та ўйинда 29 та гол киритиб, энг яхши тўпурар бўлди. 

Бу сафарги Португалия турнирнинг асосий фаворитлари қаторида эътироф этиляпти. Ҳар бир чизиқда истеъдодли футболчилар жойлашган.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида, Хорватия йирик ҳисобда мағлуб этилган эди. Ўша куни Роналду йўқлиги учун Бруно Фернандеш, Жоау Феликс, Бернарду Силва ва Диого Жота ўзларини ёрқинроқ кўрсатишди. 

“Мураббийимиз Роналдусиз ўзгача  ўйин кўрсатишни илтимос қилмади, барчамизнинг амбицияларимиз бир хил. Жамоа ажойиб қадриятларга эга, аммо дунёдаги энг яхши футболчи билан биргаликда ғалаба қозониш осонроқ эканлиги аниқ”,- деди “Манчестер Юнайтед” футболчиси Бруно Фернандеш Швеция Роналдусиз мағлуб этилганидан кейин.       

Роналдунинг “Ювентус”даги келажаги ҳақида билдирилган баҳс-мунозаралар  португал футболчисининг диққатини умуман жалб қилмайди, бор эътибор Европа чемпионатига қаратилган.

“Мен кўп йиллардан буён юқори даражада ўйнаб келмоқдаман, бу мени ғазаблантирмайди. Балки 18 ёки 19 ёшда бўлганимда бир неча кун уйқусиз ўтиришим мумкин эди, аммо мен 36 ёшдаман. “Юве”да қолишим ёки бошқа клубга ўтишимдан қатъи назар, мен учун энг яхшисини танлайман. Ҳозир асосий эътибор Европа чемпионатига қаратилган. Фаолиятимдаги бешинчи мусобақа бўлса-да, биринчисида бўлганидек мотивацияга эгаман”,- дейди футболчининг ўзи.

Ўзига хослик

Роналду мусобақа давомида жуда ҳотиржам кўриняпти. У ҳаттоки дунёга машҳур брендлардан бирининг муҳокама қилинишига сабаб бўлди. Гап шундаки, футболчи матбуот билан суҳбатлашиш учун келганидан сўнг, стол устида турган колани четга олиб қўйди ва фақат оддий сувни қолдирди.

Роналду фаолиятида бирор марта шакарли ичимликлар рекламаларида суратга тушмаган. Шунингдек, Роналду ёшлигида “Манчестер Юнайтед” машғулотларига кoлa билан келгани учун жамоадоши Райан Гиггздан танбеҳ эшитган.

Сантушга энг кўп халақит қиладиган ва ёрдам берадиган футболчи бу Роналду.  Чунки, у майдонда бўлган пайтда қолган футболчилар босим остида ҳаракат қилаётгандек. Бироқ майдондаги мураббий сифатида ундан фойдаланиб, қолган футболчиларга кўсатмаларни сингдириш осонроқ. Балки Роналдусиз ўйин Португалияни чемпион қилар...

Португалия терма жамоаси сардори, эҳтимол, охирги марта Европа чемпионатида иштирок этаётгандир. Шуниси аниқки, фаолиятининг сўнггида ўзини яна бир бор бутун дунёга эслатиб қўйиш учун бор имкониятини ишга солиши аниқ.

Роналдунинг жамоадоши Жозе Фонте айтганидек: “У ҳали ҳам “ўзга сайёралик”. Ундан буюкликдан бошқа нарсани кутмаслик керак!”

Ҳумоюн Орипов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

310

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг