Европа ва АҚШ Эронни ядровий лойиҳа бўйича мажбуриятларини бажаришга чақирди

Олам

image

Буюк Британия, Германия, Франция ва АҚШ Эронни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА)нинг Фордо ядровий иншоотига тегишли ҳисоботи чоп этилиши муносабати билан ўз мажбуриятларини бажаришга чақирмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати томонидан кеча, 3 февраль куни эълон қилинган қўшма баёнотда айтилади.

Қайд этилишича, давлатлар Эронни АЭХА билан келишувига кўра халқаро мажбуриятларга риоя қилиш ва Фордодаги ядровий иншоотда тегишли ҳимоя чораларини таъминлашда агентлик билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга чақирган.

Ҳужжатда таъкидланишича, Европанинг ушбу уч мамлакати ва АҚШ Эроннинг ядровий келишув бўйича мажбуриятлар бузилгани ҳақидаги тушунтиришларини қониқарсиз деб топган. 

“Эроннинг мазкур вазият хатолик натижаси экани ҳақидаги даъволари қониқарли эмас. Биз унинг ҳаракатларини Эроннинг айбловлари эмас, балки АЭХАнинг холис ва асосли ҳисоботларига таяниб баҳолаймиз”, дейилади баёнотда.

Ҳужжат муаллифлари Эроннинг Фордо заводида бойитилган уран ишлаб чиқариши ядро қуролини тарқатмаслик режими учун катта хавф туғдиришини ва фуқаролик эҳтиёжлари билан изоҳланмаганини таъкидлаган.

АЭХА ҳам Эроннинг Фордодаги ядровий иншоотидаги фаолияти Теҳрон ўз зиммасига олган мажбуриятларга зид эканини маълум қилган. Хусусан, агентлик бош директори Рафаел Гросси Эроннинг Фордодаги уранни бойитиш заводи лойиҳаси ҳақидаги маълумотларга агентликни олдиндан огоҳлантирмасдан юқори даражада бойитилган уран ишлаб чиқаришга оид маълумотларга жиддий ўзгаришлар киритганидан хавотирдалигини билдирган. Фордо ядровий иншоотидаги агентликнинг кутилмаган текшируви натижасида уранни 60 фоизгача бойитиш ишлари амалга оширилаётгани аниқланган.

Эрон Атом энергияси ташкилоти матбуот котиби Беҳруз Камолвандий эса халқаро агентликнинг Фордодаги заводда уранни 60 фоизгача бойитиш ҳақидаги ҳисоботи эскирган маълумотларга ва агентлик инспекторларидан бирининг нотўғри хулосасига асосланганини айтган.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг