Европа суди россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилиши билан боғлиқ даъвосини тезлаштирилган тартибда кўриб чиқишни рад этди. Бу ҳақда "Bild" нашри хабар берди.
Усмоновнинг Евроиттифоқдаги активлари унинг Россия раҳбарияти билан яқинлиги туфайли санкциялар рўйхатига киритилиши ортидан музлатилган эди.
Жорий йилнинг 29 апрель куни ишбилармон Европа судига Иттифоқ қарори устидан даъво киритганди. Хусусан, у суд қарори чиққунга қадар санкцияларнинг чекловчи чораларини тўхтатиб туришни сўраган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 28 февраль куни ЕИ кенгаши Алишер Усмоновни бошқа россиялик тадбиркорлар, расмийлар ва маданият арбоблари қатори Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишга ҳисса қўшган шахслар қора рўйхатига киритди. Уларнинг барчасига Европа Иттифоқига кириш тақиқланди, Европа Иттифоқидаги активлари музлатилди.
Франция ҳукумати миллиардернинг иккита вертолётини ҳибсга олган. Италияда унинг умумий қиймати 80 млн евродан юқори бўлган активлари мусодара қилинган.