Европа Иттифоқи Россияни Қозоғистонга қўшин киритгани учун огоҳлантирди
Олам
−
06 Январь 2022
41473Хабар бериб бораётганимиздек, Марказий Осиёдаги йирик давлат ҳисобланган Қозоғистон мамлакат тарихидаги энг даҳшатли норозилик намойишларини бошидан кечирмоқда. Аввалида тинч намойиш сифатида бошланган оммавий ҳаракатлар, ҳозирга келиб қонли тўқнашувларга айланиб кетди.
Жаҳон ОАВлари марказида бўлиб турган мамлакат расмийларининг маълум қилишича, полиция ва аҳоли ўртасидаги қуролли тўқнашувлар натижасида ҳар иккала тарафдан ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.
Бугун, 6 январь куни Қозоғистон марказий телевидениесининг хабар беришича, мамлакатдаги йирик шаҳар ҳисобланган Олма-отада икки полиция ходими бошсиз ҳолда топилган.
Таҳликали вазият соясида аввалроқ шаҳарда интернет блоклаб қўйилган эди. Бунинг натижасида эса вазият ҳақида атрофлича ёритиб бориш имконсизлигича қолмоқда.
ОАВнинг маълум қилишича, биргина Олма-ота шаҳрининг ўзида минглаб одамлар ҳибсга олинган, тўрт юздан ортиқ киши жароҳатланган. Шулардан камида 60 нафари олган тан жароҳати туфайли тиббиёт муассасасига ётқизилиб, жиддий кузатув остида экани айтилмоқда.
Газ нархининг кўтарилиши ортидан бошланган намойишлар мамлакат биринчи президенти Нурсултон Назарбаевнинг ҳокимиятдан бутунлай кетишини талаб қилган қонли қўзғалонга уланиб кетган.
Мамлакат бўйлаб икки ҳафталик фавқулодда ҳолатни жорий қилган Президент Қосим-Жомарт Тўқаев издан чиққан вазиятни бостириш мақсадида КХШТ (ОДКБ)дан ёрдан сўраган.
Бугун КХШТ қўшинлари Қозоғистонга кирди. Бироқ, ҳатто Россиянинг тинчликпарвар қўшинлари ҳам Қозоғистондаги вазиятни юмшата олмаётгани айтилмоқда.
Бошқа томондан эса Қозоғистонга қўшин киритган Россияга нисбатан Европа Иттифоқи жиддий огоҳлантириш билан чиқди.
Европа Иттифоқи Россияни Қозоғистон суверенитетини ҳурмат қилишга чақириб, Москванинг қўшни мамлакатдаги вазият фонида унинг ички ишларида иштироки кучайиб бораётганидан хавотирда эканини билдирган.
LiveБарчаси