Европа Иттифоқи Навальний масаласида Москвага муҳлат берди

Олам

image

Европа Иттифоқи парламенти ассамблеяси расмий Москвадан Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийни жорий йилнинг 7 июнга қадар озодликка чиқаришни сўради ва шу билан бир қаторда унга зарур тиббий ёрдам кўрсатишга чақирди. 

ТАССнинг хабар қилишича, бу ҳақда Европа Иттифоқининг резолюция лойиҳасида айтиб ўтилган. Манбага кўра, лойиҳа пайшанба куни овоз бериш жараёнига қўйилади.

“Ассамблея Россияни Европа Иттифоқининг кейинги июнь ойида инсон ҳуқуқлари мавзусида ўтказиладиган мажлисига қадар Навальнийни озод қилишга чақиради”, дейилади француз депутати Жак Мэр томонидан тайёрланган резолюцияда.

Европа Иттифоқи расмий сайтида айтилишича, бу мажлис 7-9 июнь саналари оралиғида ўтказилади.

Резолюция лойиҳасида Навальний колонияда эканлигида, унга барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилиши ва ўзи истаган шифокор кўригидан ўтиши каби имкониятларни бериш сўралган. Европа Иттифоқи Вазирлар қўмитаси вакиллари Навальний сақланаётган колонияга таклиф этилади. Шу билан бир қаторда Россия ҳукумати “ташриф юзасидан бўладиган ҳар қандай ҳисобот, маълумотларни чоп этишга рухсат бериши лозим”.

Маълумот учун, 2021 йилнинг январь ойида Жак Мэр Навальнийнинг захарланиши билан боғлиқ ҳодиса ҳақида ҳисобот тайёрлаш учун Россияга боришини эълон қилганди, аммо унинг ташрифи санаси ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Жак Мэр Россия Адлия Вазири ўринбосарига, Бош прокуратурага, Россиянинг Европа Иттифоқидаги вакилига бу масала юзасидан мурожаат қилгани, аммо бирон маротаба жавоб олмаганини қўшимча қилган. Шу вақтнинг ўзида делегация котибияти унга “Навальний иши бўйича” Россия Федерацияси Адлия Вазирлигидан олинган маълумотларни, адвокатлар эса саломатлиги ва колонияда сақланаётган шароити тўғрисидаги хужжатларни кўрсатишган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан CNN’га берган интервюсида улар Россия ҳукуматига Навальний қамоқдалик пайти нима бўлса ҳам, бу учун улар жавобгар бўлишини, АҚШ уларга Навальний вафот этса, бунинг оқибати ёмон бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш берганини айтганди.

Бунга жавобан  Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль АҚШ расмийларининг таҳдидларини ҳеч қандай тарзда қабул қилмаслигини айтганди. Песков агар АҚШ санкция босимини давом эттирса, Россия ҳам жавоб чораларини қўллашда давом этишини таъкидлаганди.

Маълумот учун, 2011 йилда Алексей Навальний Коррупцияга қарши кураш фондига (КҚКФ) асос солганди. Ушбу ташкилот суриштирув, тергов ва коррупцион схемаларни фош этиш билан биргаликда давлат амалдорларининг ноқонуний бойлик орттириши тўғрисида фильмлар ҳам ишлаган. Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний 2020 йилнинг 20 августида Россиянинг Томск шаҳрида заҳарланганидан сўнг, Германияда 4 ой даволаниб, жорий йилнинг 17 январь куни Россияга қайтди ва ўша вақтдаёқ ҳибсга олинди ва кейинроқ суд қилиниб, қамалди.

 

Бокирхон Қосимхонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

118

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг