Европа газсиз қолиши мумкин. “Газпром” форс-мажор ҳақида огоҳлантирди

Олам 15779
image
-

“Газпром” Европа компанияларига форс-мажор ҳолатлари туфайли Европага газ етказиб беришни кафолатлай олмаслиги ҳақида билдиришнома юборди. Бу ҳақда “Reuters” ва “Bloomberg” агентлиги мактубга асосланиб хабар берди.

“Reuters” манбасининг айтишича, бу хабар “Шимолий оқим 1” газ қувури орқали газ етказиб бериш билан боғлиқ.

“Газпром” мактуби 14 июль куни юборилган ва 14 июндан бошланган газ таъминотига тааллуқли. Унда форс-мажор ҳолатларининг тугаш санаси кўрсатилмаган. Мактубни олган компаниялар орасида Германияга Россия газининг энг йирик импортчиси бўлган Германиянинг Uniper концерни ҳам бор эди. Uniper форс-мажор ҳолатлари даъвосини асоссиз деб ҳисоблашини таъкидлаган.

Energy Aspects консалтинг компанияси вакили Тревор Сикорский “Bloomberg” агентлигига ретроактив форс-мажор ҳолатлари эълон қилиниши "юмшоқ қилиб айтганда, ғайриоддий" эканлигини урғулаган. Унинг фикрича, бу "Газпром" газ қувурига режалаштирилган таъмирлаш ишлари якунланганидан кейин "Шимолий оқим 1" орқали газ етказиб беришни қайта тиклашни режалаштирмаётганини кўрсатиши мумкин.

“Газпром” май ойидан бошлаб Европага газ етказиб беришни қисқартиришни бошлади. Июнь ойи ўрталарида компания “Шимолий оқим 1” газ қувури орқали газ ташиш ҳажмини (бу Украинада уруш бошланганидан кейин Россия газини Европага етказиб беришнинг асосий йўналиши) номинал қувватнинг 40 фоизигача қисқартирилганини эълон қилди.

“Газпром” буни Виборгдаги Портовая компрессор станцияси учун Siemens турбинаси таъмирдан қайтишнинг кечикиши билан изоҳлади. Турбина таъмирлаш учун Канадага юборилган ва уруш бошланганидан кейин санкциялар остида қолганди. Кейинчалик, Канада Германиянинг илтимосига биноан турбинани Россияга қайтаришга рози бўлди.

11 июлдан 21 июлгача “Шимолий оқим” орқали етказиб бериш режалаштирилган таъмирлаш ишлари туфайли расман тўлиқ тўхтатилди. Европада “катта”лари Россия газ етказиб беришни қайта тикламаслигидан ва санкцияларни бекор қилиш учун газ шантажига мурожаат қилиши мумкинлигидан хавотирда. Москва газдан сиёсий босим учун фойдаланаётганини рад этмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 533
Рейтинг: 3
t
×