Еврокомиссия Украинада коррупцияга қарши курашувчи орган тузди

Олам

image

Европа Комиссияси Украинага ёрдам жамғармаси доирасида тафтиш комиссиясини тузди. Бу ҳақдаги тегишли қарор кеча, 17 июнь куни Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилди.

Мазкур орган Украина расмийларига Киевга кўрсатилган ёрдамдан фойдаланишни назорат қилиш, шунингдек, фирибгарлик, коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда ёрдам бериши учун мўлжалланган. У уч аъзодан иборат бўлган ҳолда Брюсселдан туриб фаолият олиб боради.

Ҳужжатда айтилишича, Украинадаги коррупцияга қарши курашувчи янги орган Еврокомиссияга доимий ҳисобот бериб туради. Ушбу антикорруцион ташкилот 2028 йил 30 июнгача бўлган муддат давомида уч аъзодан иборат бўлиши белгиланган. У Брюсселдан туриб ишлашига қарамай, алоҳида котибияти Киевда жойлашиши назарда тутилган.

Европа Комиссиясининг қарорига кўра, тафтиш комиссиясининг камида олтита йиғилиши ҳар йили Брюсселда ўтказилиши лозим. Баъзи ҳолларда улар бошқа жойларда ёки онлайн форматда ўтказилиши ҳам мумкин. Шунингдек, аудиторлар йилига олти марта агар шароит имкон берса, Киевга ташриф буюришлари кераклиги қайд этилган.

2023 йилнинг июнь ойида Киевга уч йил давомида 50 миллиард евро ажратиш режаси муносабати билан Брюссель Украинани маблағ билан таъминлаш учун қўшимча шартларни эълон қилган эди. Шартлар учта асосий пунктдан иборат.

Биринчидан, Украина ёрдам самарадорлигини ошириш учун аудит ва назорат тизимини модернизация қилиши керак эди. Иккинчидан, Еврокомиссия режани амалга ошириш жараёнида исталган вақтда текширув ўтказиш имкониятига эга бўлиши белгиланганди. Учинчи талабга кўра эса, мумкин бўлган қонунбузарликлар, фирибгарлик ва коррупциянинг олдини олиш учун мустақил аудиторлик кенгаши ташкил этилиши эълон қилинди. У давлат маблағларини ҳар қандай аниқланган ёки шубҳали тарзда нотўғри бошқарилган ҳолатлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган камчиликлар тўғрисида Европа Комиссиясига ҳисобот бериши шарт эканлиги уқтирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Европа Комиссияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг