Евро-2020. Шон-шарафни орзу қилаётган Англия “мухлислар Данияси”га қарши нима қила олади?
Спорт
−
07 Июль 2021
5317Европа чемпионати аста-секин ўз якунига етмоқда. Бугун, 7 июль куни ярим финалнинг иккинчи учрашувида Англия ва Дания ўзаро тўқнаш келади. Турнирнинг биринчи финалчиси аллақачон аниқланган — Италия, энди Роберто Манчини “Уэмбли” тахтида ўтириб шогирдларига ким рақиблик қилишини жим кузатади.
Англия Евро-2020 фаворити мақомига эга бўлишига қарамай, мусобақанинг дастлабки қисмини яхши тарзда ўтказмади. Ҳа, биринчи даврада Гарет Саутгейт шогирдлари Хорватиядек жаҳон вице-чемпионларини мағлуб этди (1:0), аммо ўша куни “уч шерлар” жамоаси кўрсатган футболни чемпионлик ўйини деб бўлмасди: голга айланмайдиган зарбалар, ноаниқ паслар, марказдаги ишончсизлик ва минимал индивидуализм. Умуман олганда, ажралиб турадиган жиҳат йўқ.
Шотландия ва Чехияга қарши ўйинлардан кейин кўплаб мухлисларда “Бундай ўйин кўрсатган жамоа Европа чемпионатини ютиши мумкинми?” деган фикрлар туғилган бўлиши табиий. Мухлисларнинг шубҳаларини статистика тасдиқлади: Англия гуруҳ босқичидаги учта ўйинда атиги иккита гол урди. Ҳужум чизиғида Жейдон Санчо, Фил Фоден, Раҳим Стерлинг, Мейсон Моунт, Жек Грилиш ва Ҳарри Кейн каби футболчилари бор терма жамоа учун бу уятли ҳолат эди.
Нимчорак финалда Саутгейт жамоаси Германия билан тўқнаш келди. Аввалги ўйинларда бўлгани каби тўпни майдон марказида бир-бирига узатиш орқали рақибни қуролсизлантириб, позицион ҳужумларда ўз омадини синаб кўрди. Жамоанинг бахтига улар буни икки марта уддалашди. Аммо шу куни Англия немислардан яхшироқ эди, дея фикр билдириш хато бўлади.
Чорак финалда инглизлар Украина билан ўйнади. Муҳокама қилинадиган ҳеч нарса йўқ – 4:0 ҳисобидаги ғалаба, эҳтимол инглизлар Евро-2020 мусобақасида биринчи марта ўзларининг даражасини намойиш этди.
Данияликлар гуруҳ босқичидаги биринчи ўйинда Финляндияга ютқазди (0:1). Бироқ, мағлубият Кристиан Эриксен билан содир бўлган даҳшатли воқеанинг соясида қолиб кетди. Яхшиямки, барчаси ўз ўрнига тушди. Иккинчи турда Дания Белгияга ютқазди (1:2). Икки турда кетма-кет мағлубиятга учраган жамоани, ярим финалга қадар етиб келишини ҳеч ким тасаввур қилмаган бўлиши мумкин.
Аммо Дания терма жамоаси йиғилиб, барча танқидчиларни шарманда қилди. Каспер Хюлманд шогирдлари навбатма-навбат Россия, Уэльс ва Чехияни мағлуб этиб, ҳозирча Европанинг энг яхши тўрт жамоасидан бирига айланди.
Кадрлар ҳолати
Терма жамоалар ушбу қарама-қаршиликка деярли оптимал таркибда яқинлашмоқда. Украинага қарши ўйинда жароҳат орттриб олган Букайо Саканинг бугунги иштироки аниқ эмас. “Арсенал” ярим ҳимоячиси жароҳатини тиклай олдими ёки йўқ, ҳозирча аниқ эмас. Қолган барча футболчилар асосий таркибда майдрнга тушиши мумкин.
Данияда кўзга кўринадиган кадрлар муаммоси йўқ. Учрашувни терма жамоанинг етакчиси Кристиан Эриксен ўтказиб юбориши маълум, у Финляндияга қарши гуруҳ босқичининг биринчи тур ўйинида юрак хуружидан сўнг майдонни тарк этган, жамоадошларининг бахтига омон қолди.
Таҳминий таркиблар
Англия: Пикфорд, Уокер, Стоунз, Магуайр, Шоу, Филлипс, Райс, Фоден, Маунт, Стерлинг, Кейн.
Дания: Шмейхел, Кристенсен, Кьяер, Вестергор, Ларсен, Хёйберг, Делейни, Мехле, Брейтуэйт, Дольберг, Дамсгор.
Мураббийлар фикри
Гарет Саутгейт — Англия терма жамоаси бош мураббийи:
“Эриксеннинг йўқотилиши Дания учун катта зарба бўлди. Аммо улар барчасини ажойиб тарзда енгиб ўтди. Ўйлашимча, ҳиссий тўлқинни ушлаб қола олишди, уларнинг мухлислар билан алоқаси янада мустаҳкамланди ва бу уларга катта ёрдам бериши мумкин.
Олдимизда биз ҳеч қачон ютмаган кубок турибди. Дания Европа чемпиони бўлган, шунинг учун уларнинг статистикаси бизникидан яхшироқ. Назаримда, баъзида мухлислар буни унутиб қўяди. Биз Европа чемпионатида ҳеч қачон финалга чиқмаганмиз, бизнинг футболчилар муваффақият қозониши учун бугунгидан яхши имконият бўлмайди”.
Каспер Хюлманд — Дания терма жамоаси бош мураббийи:
“Бу рақиб майдонидаги учрашувга ўхшайди, аммо унинг ўзига хос жозибаси бор, шунинг учун биз ўйинни интизор бўлиб кутмоқдамиз. Трибунада одамлар бўлишидан, мухлислар майдонга қайтганидан хурсандмиз. Стадионда Дания истайдиган муҳит бўлади ,деб умид қиламиз.
Асосий вазифамиз финалга чиқиш. Аммо буни амалга ошириш қийин вазифа эканини биламиз”.
Англия шу пайтга қадар икки марта 1968 ва 1996 йилги мусобақада ҳам ярим финалгача етиб келган, чемпионлик уёқда турсин, ҳатто финалга чиқа олмаган. Бироқ, тарихдаги илк ва ягона Жаҳон чемпионлигига ўз майдонида ўтказилган мусобақада сазовор бўлган. Гарчи, Евро-2020 мусобақасида расмий мезбон ҳисобланмаса-да, қуръа натижасига кўра, Англия барча учрашувларини Лондонда ўтказяпти.
Дания Европа чемпионатида рақибига қараганда яхшироқ кўрсаткич қайд этган. Сабаби, мамлакат терма жамоаси 1964 ва 1984 йил ўтказилган турнирнинг ярим финалида имкониятни бой берган бўлса, 1992 йилда Германияни таслим этиб, чемпионликка эришган. Эътиборли томони шундаки, чемпион жамоанинг дарвозабони ўша пайтда Питер Шмейхел эди. У ҳозирги дарвозабон Каспер Шмейхелнинг отаси ҳисобланади.
Англия ва Дания терма жамоалари ўртасидаги учрашув Тошкент вақти билан 00:00 да старт олади.
LiveБарчаси