“Етим қонун” машмашаси. Ғаниев яна UzAvtoMotors сабаб кўпчиликка қарши
Жамият
−
10 Январь 2023
17869Бугун, 10 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида истеъмол кредити тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Муҳокама жараёнида эса депутат Дониёр Ғаниев мазкур қонун лойиҳасини бирданига уч ўқишда қабул қилишни таклиф қилиб, унинг бу фикрига қўшилмагани учун бошқа депутатларни UzAvtoMotors’ни қўллаб-қувватлашда айблади.
Давлат раҳбарининг Истеъмол кредити тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қарори билан Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Истеъмол кредитини ажратиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган товар маҳсулотларига ҳам банклар ва кредик ташкилотлари томонидан кредит ажратилиши белгиланган. Бу қонун аҳолининг турмуш тарзи даражасини оширишга хизмат қилиши, энг асосийси уларга кенг танлов имкониятини яратишда муҳим рол ўйнаши айтилмоқда.
Бироқ, мана бир ойдан буён мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамаси кечиктирилаётганди. Шу сабабли Ўзбекистон Либерал Демократик партияси депутати Дониёр Ғаниев бошқа депутатларни Истеъмол кредити тўғрисидаги қонун лойиҳасини тезроқ тасдиқлашга чақирди.
“Биз анчадан бери гапиряпмиз, монополияни чеклаш, мамлакат ички бозорида рақобатни ривожлантириш ҳақида гапиряпмиз. Бу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда рақобат муҳитини яратишда муҳим рол ўйнайди. Кечиккан ҳар бир кун эса ўйлайманки, жамиятнинг зиёнига ишлайди.
Шунинг учун мен бу қонунни нафақат биринчи ўқишда, балки тезроқ қабул қилиш тарафдориман. Мана бошқа қонунларни ҳам консепсиясидан келиб чиқиб, иккинчи ва учинчи ўқишга суриб, барибир охирида қабул қиляпмиз. Нима учун ортга суриш керак, мен буни тушунмайман”, деди Ғаниев.
Қонун лойиҳасининг 5-моддаси залда ўтирганларда айрим саволларни келтириб чиқаргач, Ғаниевнинг ўзи жавоб бериб, жисмоний шахсларга ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товарларни реализация қилиш имкониятини бериш мақсадида қонундаги тегишли моддадан ташкилот сўзи олиб ташланаётганини маълум қилди.
“Бу қонун лойиҳасида икки хил кредит ҳақида гап кетмоқда –молиявий истеъмол кредити, товар истеъмол кредити. Молиявий истеъмол кредитида учта томон бўлади –қарз берувчи кредит ташкилоти, қарз олувчи жисмоний шахс ва реализация қилувчи юридик ёки жисмоний шахс. Бу қонун лойиҳасида учинчи шахс сифатида реалисация қилиш имкониятини жисмоний шахсларга ҳам бериш мақсадида қонуннинг молиявий кредит тартибидан “ташкилот” сўзини олиб ташланган”, дея тушунтирди депутат.
Унинг айтишича, мазкур қарорнинг қабул қилиниши жуда катта муаммонинг ечилишига олиб келади.
“Масалан, иккиламчи бозорда автомобил сотиб олиш учун истеъмол кредитини ажратишда жуда ҳам катта муаммо бор. Фуқаролар ҳозирда тўғридан-тўғри жисмоний шахсдан автомобил сотиб оломаётгани учун ўртада юридик шахсдан фойдаланишга, шу орқали автомобил нархининг устига яна 10% миқдорида қўшимча тўлов тўлашга мажбур бўлади. Бунда агар автомобилнинг ўртача нархи 100 млн бўлса, яна қўшимча 10 млн автомобил нархининг ошишига олиб келмоқда. Шунинг учун биз “ташкилот” сўзини олиб ташлаб, “реализация қилувчилар” дея ўзгартирадиган бўлсак, бу жуда кўпчиликнинг оғирини енгил қилиши мумкин”, демоқда Ғаниев.
Шунингдек, у бу қонунни биринчи ўқишда эмас, балки иккинчи, учинчи ўқишда ҳам бирданига тасдиқлашни яна бир марта таклиф қилди.
Бироқ, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан депутат Жаҳонгир Абдурасулов бу қонун лойиҳасининг бирданига уч ўқишда қабул қилинишига қарши чиқди ва қонун лойиҳасининг кечикишига сабаб сифатида ундаги камчиликлар устида ишланганини келтириб ўтди.
“Депутутларимиз иккинчи ўқишда ҳам қабул қилиш ҳақида гапиришмоқда. Лекин, иккинчи ўқишда бунинг озгина ишланадиган жойлари бор. Сабаби қонун лойиҳасида электрон шалкда, истеъмол кредити берадиган ташкилотга ёзма, электрон ариза бериш талаби киритилган. Бу қандай бўлади? Дўкондан чангюткич олмоқчи бўлсангизу, унга бир ҳафта олдин сизлардан чангюткич оламан, деб ариза ёзасизларми? Бу эски қонунда. Шунинг учун буни биринчи ўқишда қабул қилиб, иккинчи ўқишда камчиликларни тўғирласак”, деган “Миллий тикланиш” депутати.
Дониёр Ғаниев эса унга жавобан президентнинг бу ҳақида қарор қабул қилганига тўрт ой бўлгани, иккинчидан, бу қонунни жамоатчилик жуда катта умид билан кутаётнанини сабаб сифатида келтирди.
“Бошқа қонунларни ҳам вақти келса иккинчи, учинчи ўқишда бирданига қабул қилиб берганмиз. Бу ерда иккинчи ўқишда айнан нима ўзгаришини тушунмаяпман. Қонуннинг амалий таҳририда ҳам истеъмол кредити берувчисини олдиндан хабардор қилиниши белгиланган. Фақатгина ёзма огоҳлантириш ўрнига электрон огоҳлантиришни алтернатив сифатида жорий этиш қўшилмоқда, холос. Булар янгилик яратмаяпти.
Бу қонунни тезроқ қабул қилайлик, бир ой бўлди ахир. Бир моддали қонунни бир ойда кўряпмиз. Эслатиб ўтаман, 300 варақли бюджет қонунини бир ҳафтада кўргандик. Қўлимиздан келаркан-ку?
Шундай экан, нимага бир моддали, одамлар учун ўта манфаатли бўлган қонунни ортга суряпсизлар? Мен тушунмаяпман", дея залдагиларга юзланган у.
Бундан ташқари ЎзЛиДеп депутати Дониёр Ғаниев айрим қонунларни жуда тез, бироқ айнан Истеъмол кредити ҳақидаги қонун лойиҳасини эса жуда секин кўриб чиқаётгани учун бошқа депутатларни UzAvtoMotors’ни қўллаб-қувватлашда гумон қилди:
“Кимнинг манфаати бор бу ерда? Ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчи [UzAvtoMotors – таҳ]ни қўллаб-қувватлаяпсизларми?”
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Исмоилов Нуриддин Дониёр Ғаниевни “койиб берди” ва бошқа барча депутатларни интизомга чақирди. Шунингдек, у қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга қолдиришни таклиф қилиб, шубу таклифга тўрт депутат қарши экани, бир нафар депутат бетараф ҳамда етти нафари овоз бермаган бўлса-да, кўпчиликнинг рози эканини инобатга олиб қонунни иккинчи ўқиш учун бошқа кунга қолдирди.ъ
Қонунчилик палатасининг ушбу мажлисини кузатиб борган иқтисодчи Отабек Бакиров яна ортга сурилган “Истеъмол кредитини ажратиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини “етим қонун” деб атади.
“Етим қонун”ни қабул қилиш яна кечиктирилди. Қонун лойиҳасини 2- ўқишда кўриш кейинга қолди. Дониёр Ғаниев яна ёлғиз.
Ҳарфхўрлар қонун моҳиятига умуман алоқаси бўлмаган “ёзма ёки электрон” деган иборани ушлаб олишди.
Булар ўғри олигарх ва паразит монополистларнинг манфаатларини ифода этиши мумкин, лекин халқнинг хоҳиш-иродасини ифода этмайди”, дея изоҳ қолдирган ўзининг Telegram саҳифасида иқтисодчи.
LiveБарчаси