Эстония 19 сентябрдан россияликларнинг киришини тақиқлайди

Олам 3303
image

19 сентябрдан бошлаб Эстония ҳукумати Шенген визасини қайси давлат берган бўлишидан қатъи назар, Россия фуқароларининг киришини тўхтатади. Бу ҳақда бугун, 8 сентябрь куни мамлакат Ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу Вазирлар Маҳкамасининг YouTube каналида эфирга узатилган ҳукумат матбуот анжуманида маълум қилди. 

“19 сентябрь куни соат 00:00 дан бошлаб, қайси давлат Шенген визаси берганидан қатъи назар, Россия Федерацияси фуқаролари учун Эстонияга ташқи чегаралар орқали киришни тақиқлаш кучга киради. Россия фуқароларига чақириқ: Эстонияга келманг, бу ерда бахтли бўлмайсиз”, дейди ТИВ раҳбари. 

Унинг эслатишича, бу чоралар мамлакатга қариндошлари билан учрашиш ва бошқа гуманитар сабабларга кўра ташриф буюрган россияликларга нисбатан қўлланилмайди. 

Аввалроқ Эстония Бош вазири Кажа Каллас яна уч давлат – Латвия, Литва ва Польша россияликларнинг киришига чеклов қўйиш ниятида эканлигини маълум қилганди.

6 сентябрь куни Еврокомиссия (ЕК) Россия билан визани соддалаштириш бўйича келишувни бутунлай тўхтатиш таклифини маъқуллади. Унинг умид қилишича, бу қарор ЕИ Кенгаши томонидан тасдиқланади ва 12 сентябргача кучга киради. Кутилишича, визалар нархи ва уларни расмийлаштириш муддатлари сезиларли даражада ошиши, туристик мақсадларда визалар бериш консулликларнинг сўнгги устувор йўналишига айланиши кутилмоқда. 

Россия Президенти Владимир Путин 7 сентябрь куни Шарқий иқтисодий форумнинг ялпи мажлисида Россия фуқароларига нисбатан виза чекловларига “тупуриш” билан жавоб беришга арзимаслигини таъкидлади. Давлат раҳбари, шунингдек, туристик гуруҳларнинг Россия Федерациясига визасиз кириши амалиётини кенгайтиришни таклиф қилди ва бу фақат фойда келтиришини қайд этди. Бошқа давлатлар билан виза режими масалаларида, Путиннинг сўзларига кўра, Россия “ўзаро муносабатларга ёпишиб қолмаслиги” керак.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 74
Рейтинг: 3
t
×