Ёшликни эслаб: Криштиану “қизил иблислар“ сафига қайтадими?

Спорт 5840
image

Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду хизматига қизиқиш билдирмоқда.

Испаниянинг AS нашрига кўра, клуб бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшернинг шахсан ўзи Криштиану Роналду билан суҳбатлашган ва уни жамоада кўрмоқчилигини айтган.

Хабарга кўра, ҳужумчининг ўзи ҳам “иблислар” сафига қайтишга тайёр ва у ҳеч қачон Манчестерга қайтиш вариантини бу қадар жиддий ўйлаб кўрмаган.

Роналду Италия чемпионати тугаганидан кейин қарор қабул қилади. Агар Криштиану тўп сураётган “Ювентус” клуби Чемпионлар Лигасига йўлланма олса, Роналду Туринда қолиши мумкин, акс ҳолда — кетади.

Маълум қилинишича, туринликлар форварди “Манчестер Юнайтед”да икки мавсум ўйнашни, шундан кейин Португалиянинг “Спортинг” клубига йўл олиб, ўша ерда фаолиятига якун ясашни режа қилмоқда. 

Маълумот ўрнида, Роналду 2003–2009 йиллар мобайнида манкунияликлар сафида тўп тепган. У инглиз клуби билан 9 та совринга эга чиққан, улар ичида учта Англия Премьер-лигаси ва битта Европа Чемпионлар Лигаси бош соврини бор.

36 ёшли футболчи Италия А Сериясида жорий мавсум 33 ўйин ўтказиб, 29 гол ва учта голли узатма муаллифига айланди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 245
Рейтинг: 2.9
t
×