Ёшларга муҳим лавозимларни ишониб топшириш давом этади – Президент

Жамият

Ўзбекистонда кўп йиллар давомида масъул лавозимларга тайинловларда асосан бир жиҳат – ёш, ҳаётий тажриба эътиборга олиб келинган. Шу боис кўплаб масъул лавозимларга ёши катта, камида 40-50ни қоралаган кишилар танлаб олинган. Ҳатто, ёшлар билан билан ташкилотларни бошқариш ҳам сочига оқ оралаганларга қолиб кетган эди. Шавкат Мирзиёев иқтидорга келдию ёшларнинг ҳам бағрига шамол тегди. Бунинг яққол мисоли сифатида 23 ёшида Халқ таълими вазири ўринбосари бўлган Алишер Саъдуллаевни келтириш мумкин. Куни кеча Саъдуллаев Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси в.в.б., шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Шунингдек, 2018 йил Вестминстер университети талабаси Саидакбархон Акбаров Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари этиб тайинланди.

Президент кеча, 31 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ёшлар масаласига алоҳида тўхталди. 

“Ҳаммамизга яхши маълумки, олдимизда катта сиёсий воқеа турибди. Шу йил декабрь ойида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади.

Бу сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган, демократик давлатлар қаторига кўтаришда яна бир муҳим амалий қадам бўлади.

Бу сайловлар бутун халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар очиб беради, деб ишонаман”, дейди давлат раҳбари. 

Президент бундан кейин ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни билимли, етук мутахассис қилиб тарбиялаш ва муҳим лавозимларни ишониб топшириш давлатнинг асосий эътиборидаги масалалардан бири бўлишини қайд этди. 

“Бугунги кунда қанча-қанча билимли, нуфузли хорижий университетларда таҳсил олган, чет тилларни, замонавий бошқарув усулларини яхши биладиган навқирон ёшлар ҳаётимизга кириб келмоқда.

Улар бизнинг умидимиз, эртанги кунимиз. Шунинг учун ёшларга кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш, уларга масъул лавозимларни ишониб топшириш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Азиз фарзандларимиз эл-юртимизнинг ана шундай юксак эътиборига муносиб бўлиб, ўз салоҳияти билан, миллий ғоямизга садоқати билан Ўзбекистонимизни бутун дунёга тараннум этишларига ишонаман ва бу йўлда уларга бахт ва омад тилайман”.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

123

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг