Ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизими ишлаб чиқилиб, 28 та ҳудудда синовдан ўтказилади

Жамият 2674
image

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Хотин-қизлар ва ёшлар – аҳолининг катта қисми, ижтимоий масалаларнинг аксарияти ҳам улар билан чамбарчас боғлиқ.

Видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.

Маълумки, мамлакатда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “темир дафтар” тузилган эди. Энди худди шунингдек ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилади. Бу рўйхатлар “темир дафтар”дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.

Йиғилишда ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизими Хатирчи тумани ва Янгиер шаҳри мисолида муҳокама қилинди.

Мутасаддиларга ушбу тизимнинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятнинг биттадан шаҳар ва туманида, яъни 28 та ҳудудда синовдан ўтказиш вазифаси қўйилди.

Сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар вакилларига ҳар бир маҳалладаги ҳолатни ўрганиш, ёшлар ва аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлаш ҳамда шу асосда манзилли чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.

"Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш", дейди Президент.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 61
Рейтинг: 3.2
t
×