Ёшлар китоб ўқимаяпти дейишдан уялишимиз керак, аввал уларга китоб берайлик – Жавлон Жавлиев

Интервью

Ёшлар китоб ўқимаяпти дейишдан олдин уларга китоб бериш керак. “Қўрқма” романи муаллифи Жавлон Жавлиев QALAMPIR.UZʼга берган интервьюсида бугун ёшлар китоб ўқиши учун етарли шароит йўқлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

“Ота-она кун бўйи тирикчилик учун тиришади, меҳнат қилади ва фарзандига китоб тутишга вақти бўлмайди. Оталар четга ишлаш учун кетади, оналар уй-рўзғор ишлари билан банд. Ўз-ўзидан хонадонларга китоб кириб бормай қолди. Қолаверса, 2006 йилгача яхшими-ёмонми, Ўзбекистонда 17 000 та кутубхоналар бўлган. Биз бугун 17 000 та кутубхонани йўқотдик. Ҳукумат қарори билан 2006 йилда барча кутубхоналар коллеж кутубхоналари ва ахборот-ресурс марказлари билан бирлаштириб юборилган. Оддий кутубхоналарга ҳамма бориши ва китоб ўқиши мумкин бўлган. Лекин у коллеж кутубхоналари билан бирлаштириб юборилганидан сўнг, у қўриқланадиган ҳудудга айланди. Ҳамма ҳам юрак ютиб, у ерга кириб бора олмаган. Коллеж ҳам 6-7 та қишлоқнинг ўртасида жойлашган. Авваллари эса қишлоқ кутубхонаси, колхоз кутубхонаси, болалар кутубхонаси бўлар эди. Мен туғилган Қамаши тумани Ғиштли қишлоғида 3 та кутубхона бўлган. Уларнинг ҳар бири катта фондга эга эди. Бугун эса битта ҳам йўқ. Уларнинг барчаси кўчиш жараёнида йўқолган”, дейди Жавлон Жавлиев. 

“Қўрқма” романи муаллифи сўзида давом этар экан, Совет даврида нашр этилган китоблар мустақиллик йиллари айрим саводсиз кутубхоначилар томонидан ёқиб юборилгани ва бугун маҳаллаларда китоб ўқиш учун шароит йўқлигини айтиб ўтди. 

“Алишер Навоийнинг айрим асарлари “Ёш гвардия” журналида чиқарди. Мустақилликдан кейин бу каби журналларни айрим саводсиз кутубхоначилар уйларига олиб бориб, ёқишган. “Совет” сўзи билан боғлиқ нимадир кўришса, ёқаверишган. “У балки яхши асардир”, деб ўйлаб ҳам кўришмаган. Бу китоблар халқимизнинг пулига, меҳнати эвазига келган эди. Ҳозир китобхонликни тарғиб қиляпмиз, лекин маҳаллаларда китоб ўқийдиган жойнинг ўзи йўқ. “Ёшлар китоб ўқимаяпти”, дейишдан уялишимиз керак. Биз уларга китоб берайлик. Мен “Қўрқма” романимдан кейин шуни англадимки, китоб ўқийдиганлар кўпчиликни ташкил этади. Биз уларга китоб беришимиз керак”, дейди ёзувчи.

Жавлон Жавлиев билан тўлиқ интервьюни QALAMPIR.UZʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасида ёки қуйидаги видеоплеерда томоша қилишингиз мумкин.

 

Сардор Али Нурматов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Жавлон Жавлиев

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар