Эрон Буюк Британия ва Европа Иттифоқига қарши санкцияларни кенгайтирди
Олам
−
12 Декабрь 2022
3393Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 12 декабрь куни Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг бир қатор шахслари ва тузилмаларига қарши янги санкцияларни эълон қилди. Бу ҳақда маҳаллий IRNA ахборот агентлиги хабар берди.
“Эрон Ташқи ишлар вазирлиги қоидалар ва санкция механизмларига мувофиқ ва санкцияларга жавобан, терроризм ва террористик гуруҳларни қўллаб-қувватлаш, нафрат, тартибсизликлар, зўравонлик, террорчилик ҳужумлари ва Эрон халқига қарши инсон ҳуқуқларини бузишга ундаган қасддан ҳаракатлари учун Европа Иттифоқининг бир қатор жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан санкциялар қўллади”, дейилади ТИВ баёнотида.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, “Radio Farda” ва “Radio Zamaneh” радиостанцияларининг форсча таҳририятлари ҳамда Франциянинг ҳафталик “Charlie Hebdo” журнали санкциялар остида қолган. Эрон, шунингдек, Water Engineering Trading GmbH ва Gidlemeister Projekta GmbH каби компанияларга Ироқ томонидан Эронга қарши жорий этилган уруш пайтида Саддам режими томонидан қўлланилган кимёвий қуролларни ишлаб чиқаришга алоқадорликлари учун санкциялар жорий қилган.
Санкциялар рўйхатига Германия ҳарбий-ҳаво кучлари ва Рамштейн авиабазаси билан алоқа бўйича офицер Майкл Траутмэнн, Ироқдаги немис қўмондони Хольгер Кункель, француз сиёсатчиси ва дипломати Бернар Кушнер, Европарламент вакили Ханна Нойманн ва Германия собиқ мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр ҳам киритилган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Қироллик ҳаво кучлари (RAF Menwith Hill), Бирлашган Қироллик ҳарбий-денгиз кучларининг Баҳрайндаги Мина Салмон портидаги ёрдам маркази (United Kingdom Naval Support Facility), Эркин Эрон парламент қўмитаси (BCFIF) ва Тони Блейр глобал ўзгаришлар институти (The Tony Blair Institute for Global Change) каби Британия институтларига ҳам санкция қўллади.
LiveБарчаси